“Хоразм” стадиони
“Хоразм” (собиқ “Олимпия”) стадиони Урганч шаҳридаги шу номли спорт мажмуасининг таркибий қисмларидан бири бўлиб, мажмуа таркибига 2003 йилда киритилган. Маълумки, шу йили Урганч шаҳрида мактаб ўқувчиларининг “Умид ниҳоллари” республика мусобақаси ўтказилганди. “Хоразм” спорт мажмуаси айнан шу мусобақа олдидан қуриб битказилган, собиқ “Олимпия” стадиони эса янгидан реконструкция ва таъмир қилинган ҳамда “Хоразм” стадиони, - деб атала бошланган. Бундан ташқари, 2003 йилда стадион “Хоразм” спорт мажмуаси билан биргаликда вилоят Маданият ва спорт ишлари бошқармаси балансига ўтказилган.
“Хоразм” (собиқ “Олимпия”) стадиони 1983 йилда барпо этилган. Ўша пайтда стадион ўз бағрига 30 минг томошабинни сиғдирган. 2003 йилда Урганчда ўтказилган “Умид ниҳоллари” республика мусобақаси олдидан стадион бош архитектор Михаил Гершевич Бурлаков лойиҳаси асосида қайтадан реконструкция қилинган ва таъмирланган: трибуналардаги эски тахта ўриндиқлар ўрнига пластмасса курсилар, эски механик табло ўрнига янги электрон табло ўрнатилган. Бундан ташқари, стадионнинг усти осма том билан ёпилган, томга янги, замонавий ёритгичлар ўрнатилган, эски минорали ёритгичлар эса олиб ташланган.
Бугунги кунда “Хоразм” стадиони 13500 томошабинни сиғдиради. Ундаги футбол майдонининг ўлчами 104Х67 метрни ташкил қилади. Стадиондаги футбол майдонини ёритувчи прожекторларнинг ёритиш даражаси эса 1 квадрат метрга 500 люксни ташкил қилади.