Қўшкўпирда қишлоқ мактаблари ўртасида футбол мусобақаси ўтказилди
6-7 май кунлари Хоразм вилояти Қўшкўпир тумани Қатағон қишлоғида жойлашган 3-сонли ўрта умумтаълим мактабида халқ маорифи аълочиси Отаназар Ёвбосаровнинг хотирасига бағишланган футбол мусобақаси бўлиб ўтди. Қишлоқ мактабларида таҳсил олаётган ўқувчилар ўртасида ташкиллаштирилган беллашувларда туманнинг Қатағон, Хонобод, Гўкдом, Незахас, Шихмашҳад ва Хўжамқул қишлоқларида жойлашган 6 та ўрта умумтаълим мактабнинг жамоалари иштирок этишди.
Икки кун давом этган ўйинларда 4-ўринни Хўжамқул қишлоғида жойлашган 19-мактаб жамоаси, 3-ўринни – Гўкдом қишлоғидаги 44-мактаб жамоаси эгаллади. Мусобақа ташкилотчилари ва хомийлари 4-ўрин эгаларини қимматбаҳо совғалар ва футбол тўплари билан тақдирлашган бўлса, 3-ўрин соҳибларига эса қимматбаҳо совғалар, 100 минг сўм пул мукофоти ва кубок топширишди.
Ажойиб тарзда ташкиллаштирилган футбол мусобақасининг финал ўйинида Қатағон
қишлоғида жойлашган 3-сонли мактабнинг “Парвоз” жамоаси ҳамда Хонобод қишлоғидаги 17-сонли мактаб жамоаси ўзаро рўбарў келишди. Қизиқарли ўтган финалда “Парвоз” жамоасининг футболчилари рақибларини 2:0 ҳисобида мағлуб этиб, мусобақа ғолибига айланишди. Отаназар Ёвбосаров хотирасига бағишланган футбол мусобақасининг ташкилотчилари ва хомийлари 2-ўринни эгаллаган хонободлик ёш футболчиларга қимматбаҳо совғалар, 200 минг сўм пул мукофоти ва кубок топширишди. Беллашувларнинг барчасини кўтаринки руҳда ўтказиб, 1-ўринни эгаллаган қатағонлик ёш футболчилар эса қимматбаҳо совғалар, 300 минг сўм пул мукофоти ва Кубокка эга бўлишди.
Бундан ташқари, мусобақада бир қанча номинациялар эълон қилиниб, уларнинг ғолиблари аниқланди ва фаҳрий ёрлиқ ҳамда совғалар билан тақдирланишди. Жумладан, энг яхши дарвозабон номинациясида “Парвоз” голкипери Нурилла Аҳмедов ғолиб деб топилди. Ушбу йигитча нафақат ўзининг суперсейвлари билан, балки пенальтиларни қойилмақом тарзда ижро этиши ҳамда урган голларини европалик футболчиларга хос тарзда нишонлашлари билан ҳам мухлисларнинг эсида қолди.
Мусобақанинг энг яхши ҳимоячиси деб Хонобод қишлоғидаги 17-мактаб жамоаси аъзоси Муҳаммаджон Мадаминов, энг яхши ярим ҳимоячи деб – Гўкдом қишлоғидаги 44-мактаб жамоаси футболчиси Жавлонбек Жуманиёзов, энг яхши хужумчи деб – Хўжамқул қишлоғидаги 19-мактаб жамоасидан Темур Отабоев, энг яхши тўпурар деб – Қатағон қишлоғидаги 3-сонли мактабнинг “Парвоз” жамоаси аъзоси, рақиблари дарвозаларини жами 5 марта ишғол қилган Шодлик Юсуповлар топилдилар.
Отаназар Ёвбосаров хотирасига бағишланган футбол мусобақаси ташкилотчилари ва хомийлари беллашувларнинг “Моуриньо”сини, яъни энг яхши мураббийни ҳам аниқлашди. Бу номинация бўйича “Парвоз” жамоасининг бош мураббийи Комилжон Маткаримов топилди. Ўтган асрнинг 80-йиллари ўрталарида “Қўшкўпир” жамоаси шарафини ҳимоя қилиб, ажойиб ўйинлари ҳамда баланд бўйи ва қалин мўйлови билан қўшкўпирлик футбол ишқибозлари ўртасида “Давид Кипиани” лақабини олган қатағонлик футбол фаҳрийси қимматбаҳо совғалар ва фаҳрий ёрлиқ билан тақдирланди.
Мусобақанинг тантанали ёпилиш маросимида Хоразм вилояти ва Қўшкўпир тумани раҳбар-ходимлари, туман халқ таълими бўлими ходимлари бу каби мусобақаларни кўпроқ ташкил қилиб туриш зарурлигини айтиб, Отаназар Ёвбосаров хотирасига бағишланган мусобақанинг ташкилотчиларига ва хомийларига алоҳида миннатдорчилик изҳор этдилар. Сўзга чиққанлардан Хоразм вилояти Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси раҳбари Комилжон Ибрагимов, вилоят футбол федерацияси вице-президенти Равшанбек Отажонов, Қўшкўпир тумани хокими Мансур Оллаберганов, марҳумнинг энг яқин дўстларидан бири Искандар Худойбергановлар ушбу беллашувларни юқори савияда ташкиллаштирган Қатағон қишлоғининг “Отабек Комилов” фермер хўжалиги раҳбари, Хоразм вилояти кенгаши депутати Ҳикмат Худойбергановнинг ва, умуман, қатағонлик Худойбергановлар оиласининг ташаббуси ва жонкуярлигини эътироф этишди. Ўз нутқларида улар марҳум Отаназар Ёвбосаровнинг, унинг фарзандлари, хусусан, Давронбек Ёвбосаровнинг ҳамда Қатағондаги Ёвбосаровлар сулоласининг эл-юртга хизмат қилишдаги фидойилигини ҳам тилга олдилар.
Халқ маърофи аълочиси Отаназар Ёвбосаров узоқ йиллар давомида Қўшкўпир тумани Қатағон қишлоғидаги 3-сонли ўрта умумтаълим мактабида бошланғич синф ҳамда меҳнат таълими ўқитувчиси бўлиб ишлаган. У киши ўзининг фийдойилиги ва ташкилотчилиги билан нафақат Хоразм вилояти жамоатчилигининг, балки Ўзбекистон жамоатчилигининг ҳам эътиборини қозонган. Ўтган асрнинг 80-йиллари ўрталарида ўз мактабида ҳар томонлама ибратли меҳнат таълими кабинетини ташкил қилишдан ташқари, ушбу фидойи инсон Қатағон қишлоғида ўзининг иқтидорли ўқувчиларидан “Парвоз” футбол жамоасини ҳам тузган. Шундан бери бугунги кунда 81-ёшга тўлган 3-сонли мактабнинг футбол жамоаси Отаназар Ёвбосаров қўйган ном, яъни “Парвоз” номи остида турли мусобақаларда иштирок қилиб келмоқда.
Бобомурод АБДУЛЛА