«Хоразм» марказий стадиони янги футбол мавсумига тайёр
Урганч шаҳридаги “Хоразм” марказий стадиони футбол буйича Ўзбекистон XIX миллий чемпионати ўйинларини ўтказишга тўла тайёр. Бу ҳақида “Хоразм” футбол клубининг расмий веб сайтига “Хоразм” спорт мажмуаси директори Фарҳод Матёқубов интервью берди. Унинг айтишича, ўтган йилги футбол мавсуми тугагач, стадионда катта таъмирлаш ишлари амалга оширилган.
“Биз стадионимиздаги кийиниш хоналари, футбол ўйинларидан кейин матбуот анжуманлари ўтказиладиган зал, “Хоразм” жамоаси футболчилари яшайдиган база ва стадионимизнинг бошқа таркибий қисмларини таъмирдан чиқардик. Бундан ташқари, жамоамиз футболчилари учун янги кафе ишга туширдик, футбол майдонининг аҳволини яхшиладик”, - деди Ф.Матёқубов www.xorazmfk.com сайтига берган интервьюсида. Унинг айтишича, стадионда матбуот ходимлари учун алоҳида матбуот сектори ажратилган. “Бундан ташқари, стадионимизда янги CIP сектор ҳам ишга туширилди”, - деди Фарҳод Матёқубов.
Маълум-ки, ўтган йилги мавсумда Урганчга ташриф буюрган баъзи клубларнинг бош мураббийлари “Хоразм” марказий стадионидаги футбол майдони ва кийиниш хоналаридаги шароитлардан нолиб кетишган. “Эндиликда майдонимиз ҳам, кийиниш хоналаримиз ҳам ЎзПФЛ талабларига тўла жавоб беради. Албатта, кийиниш хоналаримиздаги ҳозирги шароитларимиз “Пахтакор”, “Бунёдкор” ва “Насаф” стадионларидаги шароитлардек идеал эмас, аммо ЎзПФЛ талабларига тўла жавоб беради”, - деди Ф. Матёқубов. Унинг айтишича, яқинда “Хоразм” стадионига ташриф буюрган ЎзПФЛнинг махсус комиссияси “Хоразм” марказий стадионида яратиган шароитларни “яхши” - деб баҳолаган.
“Хоразм” спорт мажмуаси директорининг таъкидлашича, мажмуа ва “Хоразм” спорт клуби раҳбарияти бу каби ишларни йил оҳиригача амалга ошириш ниятида. “Қилган ишларимиз билан кифояланиб қолмоқчи эмасмиз: биз бу каби бунёдкорлик ишларини йил давомида амалга оширамиз ва стадионимиздаги шароитларни яхшилаб бораверамиз”, — деди Урганчдаги “Хоразм” спорт мажмуаси директори Фарҳод Матёқубов “Хоразм” футбол клубининг расмий веб сайтига берган интервьюсида.
“Хоразм” спорт мажмуаси раҳбарига кўра, ушбу ва бошқа ишларнинг барчаси “Хоразм” футбол клубининг 2009 йил 5 декабрь куни қабул қилинган “2010 йилдаги Ривожланиш дастури”га киритилган лойиҳалар доирасида амалга оширилган.