«Машъал» «Хоразм» қаршилигини енга олмади
Олий лиганинг навбатдаги турини ўз майдонида «Хоразм»га қарши ўтказган «Машъал» қимматли икки очкодан маҳрум бўлди. Негаки жамоамиз ўз уйида «Хоразм» билан дуранг ўйнади. Учрашув борасида тўхталадиган бўлсак, майдон эгалари рақибдан ҳар томонлама устун келишди. Ғайрат Ҳасанов қўриқлаган дарвоза томон ўнлаб ҳужумлар уюштирилди, лекин буларнинг бари самарасиз кетди. Ушбу баҳсда Дилявер Ваниев, Георги Имедадзе, Александр Гребенюк, Фозил Мусаев, Тўлқин Мирзаев каби футболчилардан очиқчасига омад юз ўгирди. Чунки улар ўта қулай имкониятлардан тўп кирита олишмади.
Ўз навбатида «Хоразм»га ҳам қойил қолиш керак, чунки бу жамоа сафарда тўп сурган бўлишига қарамай, ўзини йўқотиб қўймади ҳамда ҳимояда жуда қаттиқ туриб берди. Айниқса, дарвозабон Ғайрат Ҳасанов ўз ўрнида бехато ҳаракат қилди. «Машъал» аввалги сафар ўз майдонида «Андижон»дан кичик ҳисобда устун келганди, лекин бу гал бирмунча кучсиз дея тахмин қилинган «Хоразм»ни енга олмади. Бундан кўриниб турибдики, меҳмонлар бу учрашувга жуда жиддий тайёргарлик кўрган ҳолда келишибди. Энди «Машъал» олий лигадаги навбатдаги баҳсни 22 апрель куни сафарда «Пахтакор»га қарши ўтказади.
«Машъал» — «Хоразм» баҳсида ҳисоб очилмаганидан хабарингиз бор. Ўйиндан кейин ҳар иккала жамоа мураббийлари фикрлари билан қизиқдик.
Баҳодир ДАВЛАТОВ («Машъал» клубининг бош мураббийи): Ўйин тўғрисида фақат бир гапни айтишим мумкин, бугун биздан очиқчасига омад юз ўгирди. Бир неча бор хавфли вазиятларни юзага келтирган бўлсак-да, уларнинг бирортасидан унумли фойдалана олмадик. «Хоразм» эса ҳимояда мустаҳкам ўйин кўрсатди, Айниқса уларнинг дарвозабони Ғайрат Ҳасанов бутун ўйин давомида алоҳида ажралиб турди. Мен ҳужумчиларимиз ёмон ҳаракат қилишди деган фикрга қўшилмайман, негаки улар ёмон ўйнашганида хавфли вазиятлар юзага келмасди. Фақат уларнинг омади келмади холос. Нима ҳам дердим, футболда баъзан шунақаси ҳам бўлиб туради.
“МАШЪАЛ”-“ХОРАЗМ” – 0:0 (0:0)
Ўзбекистон чемпионати, Олий лига, 5-тур. 2010 йил 17 апрель, Баҳром Вафоев номли стадион, Муборак, 3384 томошабин.
Бош ҳакам: – Рустам ҲАМИДОВ (Тошкент) – 8,5.
Ёрдамчи ҳакамлар: – Файзулло ҲАСАНОВ (Наманган) – 8,2 ва Раҳим ГАПУРОВ (Наманган) – 8,4.
Заҳирадаги ҳакам: – Зокир ҚОДИРОВ (Навоий) - 9.
Назоратчи: Раҳмон НУРИМОВ (Тошкент вилояти).
Огоҳлантиришлар: Маъруф Пўлатов - 14’, Ғайрат Ҳасанов – 90+3’, Мурот Абдумуротов – 90+4’.
“МАШЪАЛ”: Санжар Қувватов, Дилявер Ваниев, Карим Израилов, Фозил Мусаев, Александр Шадрин (Тўлқин Мирзаев - 53’), Габит Сапаргалиев, Арсен Тюленев, Аббос Шодмонов (Александр Гребенюк - 65’), Азамат Бобожонов (Саломат Қуттибоев - 53’), Георгий Имедадзе, Давид Чигладзе.
“ХОРАЗМ”: Ғайрат Ҳасанов, Обид Жўрабоев, Миржалол Қурбонов, Даврон Файзиев, Рустам Қурбонбоев, Маъруф Пўлатов, Гувончмуҳаммад Овеков (Бекзод Отаниёзов - 84’), Мурот Абдумуротов, Зафар Холмуродов (Жаводулла Ибрагимов - 70’), Рўзимбой Аҳмедов, Илёс Хайров (Дос Чагос Эвертон - 54’).
Манба: www.fcmashal.uz
“ХОРАЗМ” ФК РАСМИЙ САЙТИНИНГ ИЗОҲИ:
Ҳурматли ўқувчилар ва “Хоразм” жамоасининг мухлислари!
17 апрель куни Муборак шаҳрида бўлиб ўтган “Машъал”-“Хоразм” учрашувига “Хоразм” футбол клубининг матбуот котиби Бобомурод Абдулла олиб кетилмаганлиги боис, “Хоразм” ФКнинг www.xorazmfk.com сайти ушбу учрашув ҳақида сизларга ахборот етказишда кечикишга ва рақиб, яъни “Машъал” ФК, сайтига қўйилган шарҳни жойлаштиришга мажбур бўлди. Шуни эслатиб ўтамиз-ки, ушбу қисқача шарҳнинг муаллифлик ҳуқуқлари www.fcmashal.uz сайтига тегишлидир.
Бундан ташқари, “Машъал”-“Хоразм” ўйинининг қайдномасига киритилган маълумотларни (жамоалар таркиби, алмаштиришлар, огоҳлантиришлар, ҳакамларга қўйилган баҳолар ҳақидаги ахборотларни) “Хоразм” ФК сайти Наманган вилоятининг “InterFutbol” ва Андижон вилоятининг “Футбол Экспресс” газеталарининг 2010 йил 20 апрель (сешанба) кунги сонларида чоп этилган материаллардан олиб қўйди.
Юқоридаги сабабларга кўра, 5-турнинг “Машъал”-“Хоразм” учрашуви ҳақидаги маълумотни жуда кеч етказгани учун ҳамда рақиб клубнинг шарҳини тақдим қилгани учун WWW.XORAZMFK.COM САЙТИ СИЗЛАРДАН УЗР СЎРАЙДИ.