Oldingi o`yin

“ХОРАЗМ”-“БУНЁДКОР” – 0:1 (0:0)

Ўзбекистон чемпионати, Олий лига, 13-тур. 2010 йил 14 июнь (душанба), “Хоразм” марказий стадиони, Урганч, 12255 томошабин.

Davomini o'qing...
Navbatdagi o`yin

"ХОРАЗМ" - “НЕФТЧИ” -:-

Ўзбекистон чемпионати, Олий лига, 21-тур. 2010 йил 25 сентябрь (шанба), соат 18:00, "Хоразм" марказий стадиони, Урганч.

Davomini o'qing...
Milliy chempionat o`yinlari

Futbol bo’yicha O’zbekiston XIX-Milliy chempionati jadvali. Oliy liga. 12–turdan keyingi vaziyat.

Davomini o'qing...
So`rovnoma
O`zbekiston futbolu yaxshimi?
 
Mehmonlar


free counters

Сайдулло Жабборов: “Хоразмлик “ёшулли”лар доим футболга қизиқишган”

altЎзбекистонда футбол соҳасида қалам тебратаётган журналистлар Сурхондарё вилояти ҳақида гап очишса, шу вилоятдан етишиб чиққан ака-ука Бозоровлар, Дўрмоновларни, Андреев ва бошқа моҳир футболчиларнинг сулолаларини тилга олишади. Улар орасида ота-ўғил Сайдулло ва Дилшод Жабборовлар сулоласи ҳам бор. Яқинда “Навбаҳор” ва “Пахтакор” жамоаларининг ўйинини томоша қилиш учун Наманган шаҳрига борганимда, менга қадрдон ва устоз бўлиб қолган журналист акаларимиз мени мўътабар инсон, футболимиз фахрийси Сайдулло ака Жабборов билан таништиришди. Наманганда қўним топган сурхондарёлик устоз дарвозабон билан суҳбат чоғида у кишидан “Чемпион” газетаси учун интервью олиш истаги пайдо бўлди. Жумладан, Сайдулло Жабборов бир пайтлар Хоразм  вилоятининг “Шовот” жамоаси дарвозасида турганини эшитиб, у кишидан интервью олиш истаги янада кучайди.

- Сайдулло ака, ўтган асрнинг 80-йиллари бошида Хоразм тарафларга, яъни “Шовот” жамоасига қандай қилиб бориб қолгансиз?

-  “Шовот”га боргунимга қадар мен Наманганнинг “Навбаҳор” жамоаси дарвозасини қўриқлардим. 1981 йилги чемпионатнинг биринчи даврасида ўша пайтлар “Шовот” жамоасида ўйновчи мураббий бўлиб ишлаётган Владимир Василенко мени Шовотга таклиф қилди ва менга жуда қулай шарт-шароитларни яратиб беришга ваъда берди. Мен иккиланмасдан унинг таклифини қабул қилдим ва 81-йилги чемпионатнинг иккинчи даврасидан бошлаб “Шовот” шарафини ҳимоя қила бошладим.

- “Навбаҳор”дек жамоадан узоқ Хоразмдаги бир туман жамоасига боришдан чўчимадингизми?

- Йўқ. Чунки ўша даврларда биз жамоаларнинг ҳудудларига қараб эмас, у ерда ишлаётган одамларга қараб, у ердаги одамларга ишонганимиздан, қолаверса, қулай шарт-шароитларига қараб, жамоа танлардик. Мен футболчилик фаолиятимни 41 ёшимда тугатдим, профессионал фаолиятим давомида кўплаб жамоаларда ўйнадим. Аммо, очиғини айтаман, професионал фаолиятимдаги энг ёрқин хотиралар айнан “Шовот” жамоаси билан боғлиқ. У ерда, у жамоада ажойиб муҳит, ажойиб ҳамкасблар, мураббийлар ва энг асосийси ажойиб мухлислар бор эди. Шовотлик мухлислар ўзининг олийжаноблиги билан эсимда қолишган. “Шовот”да атиги бир йил ўйнаган бўлсам ҳам, ўзимни ҳозиргача ҳудди у ерда 10 йил ўйнагандек ҳис қиламан.

- Ўша пайтдаги Хоразм футболи ҳақида нима дея оласиз?

- Менимча, 80-йилларнинг бошида Хоразмнинг “Хива”, “Нариманов”, “Хонқа”, “Қўшкўпир”, “Шовот” жамоалари Ўзбекистон чемиионатидаги энг кучли жамоалар эдилар. Хоразмда туман раҳбарлари футболга қизиқардилар ва футбол жамоаларини қўлларидан келганича қўллаб-қувватлардилар. Мени сизга бир гапни айтаман: ўша пайтда “Хива”, “Нариманов”, “Хонқа”, “Қўшкўпир”, “Шовот” жамоаларида яратилган шарт-шароитларга ҳаттоки собиқ Иттифоқ 1-чи ва 2-чи лигасида иштирок қилувчи жамоалар ҳам ҳавас қилишарди. Умуман олиб айтадиган бўлсам, ўша пайтда Хоразмдаги раҳбарлар футболга қаттиқ қизиқишлари билан ажралиб туришган. Менимча, ўзи хоразмлик “ёшулли”лар ҳамиша футболга ўзгача меҳр билан қараб келишган.

- “Хива”, “Нариманов”, “Хонқа”, “Қўшкўпир”, “Шовот” жамоалари ичида қайси бири энг кучлиси эди, деб ўйлайсиз?

- Бирортасини алоҳида ажратиб кўрсатиш қийин эди, чунки уларнинг кучлари тенг эди. Мусобақа жадвали бўйича оладиган бўлсак, “Хива” ва Боғот туманининг “Нариманов” жамоалари бошқалардан олдинда эдилар. Лекин бизларга, яъни “Шовот”га энг катта бошоғриқ “Қўшкўпир” эди.

- Ие, нега айнан “Қўшкўпир” эди?

-  Биринчидан, Қўшкўпир тумани жамоасида ўша даврнинг энг танилган футболчилари тўп суришарди. Масалан, 80-йилларнинг бошида “Қўшкўпир”да Морозов, Кузнецов каби футболчилар тўп суришарди. Морозов кейинчалик Одессанинг “Черноморец” жамоасида собиқ Иттифоққа танилганди. Ҳаттоки УЕФА кубоги ўйинларида “Сантьяго Бернабеу”да Мадриднинг “Реал” жамоасига қарши ўйнаган, одессаликларнинг ўша ўйиндаги ягона голига ҳаммуаллифлик қилганди. Мадридда “Черноморец” Европанинг гранд жамоасига 1:2 ҳисобида ютқазди, лекин шу ўйинда бир пайтлар бир майдонда “Қўшкўпир” сафида тўп сурган ҳамкасбимни кўриш ёқимли эди. Иккинчидан эса, Қўшкўпир ва Шовот туманларининг маъмурий марказлари ўртасидаги масофа жуда яқинлиги боис, икки туман мухлислари меҳмондаги ўйинларга ҳам ташриф буюришарди. Бу нарса ўйин атрофидаги ажиотажни янада ошириб юборарди. Шу сабабдан ҳам “Шовот” ва “Қўшкўпир”нинг ўзаро ўйинларига одатдагидан кўп мухлис келарди. 

-  Хоразмнинг ҳозирги футболи ҳақида нима дея оласиз?

- Мана, Урганчнинг “Хоразм” жамоаси ўтган йилдан эътиборан яна олий лига баҳсларида иштирок қилмоқда. Бундан ташқари, машҳур “Хива” 1-лигага қайтди. Аввалги 5-6 йилга нисбатан ўсиш бор, албатта.

- “Хоразм”нинг ўйинлари ҳақида фикрингиз қандай?

- Яхши. Жамоа ўтган йилги чемпионатни жуда кўтаринки руҳда бошлаб, ўтган йили ўз майдонида бирон марта ҳам мағлубиятга учрамаганди. Бу йилги чемпионатни эса сал бўш бошлади, чоғи. Лекин бу футбол – унда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Бу йилги чемпионат ҳали олдинда. Шу боис қолган ўйинларда “Хоразм”га омад тилайман.

- Сайдулло ака, мана, сиз Сурхондарёнинг Деновида туғилгансиз, аммо кейинчалик Наманганда қўним топгансиз. Водийга қандай келиб қолгансиз?

- 1980 йилда Термизнинг “Сурхон”идан Наманган вилоятининг “Косонсой” жамоасига ўтганман. Косонсойликлар шарафини ҳимоя қилаётиб, Фарғона давлат педагогика институтининг жисмоний тарбий факультетида таҳсил ҳам олганман. Шу-шу ҳам ишим, ҳам ўқишим туфайли водийда қолиб кетганман.

- Сизнингча, водийнинг энг ашаддий мухлислари Намангандами, Фарғонадами ёки Андижондами?

- Уларнинг ҳаммаси ҳам ашаддий, лекин Наманган мухлислари барибир нисбатан ашаддийроқ деб ўйлайман. Наманганда ҳаттоки аёллар ҳам футболга қизиқишади. Наманганлик аёллар стадионга боришмайди холос, лекин “Навбаҳор” ўйинларининг вақтини ва ҳисобини уйда ҳамда ишда бўлишса ҳам, суриштириб ўтиришади. 

- Мана, боя сиз: “Футболчилик фаолиятимни 41 ёшимда тугатганман”, - дедингиз. Фаолиятингиз давомида қайси таниқли футболчилар билан тўп сургансиз?

- Хоразмдаги даврда кимлар билан ўйнаганимни айтиб ўтдим. Водийдаги фаолиятим давомида эса ҳозирда “Бунёдкор”да ишлаётган Бахтиёр Бобоев, “Навбаҳор”га устозлик ва раҳбарлик қилган Усмон Асқаралиев ва Толиб Бобоев, таниқли наманганлик футболчилар Жавлон Муҳиддинов ва Анатолий Козаклар билан тўп сурганман. Мен сизга яна бир нарсани айтаман: футболчилик фаолиятим давомида ҳозирда тўп сураётган баъзи футболчилар билан ҳам бирга ўйнаганман.

- Кимлар билан?

- Масалан, 90-йилларнинг ўрталарида биринчи лиганинг “Навбаҳор-2” жамоасида Хайрулла Каримов, Анвар Солиев, Рашид Ғофуров, Олег Собиров, Леонид Кошелев, Вячеслав Пономарёвлар билан ҳам ўйнаганман. Ҳозирда “Хоразм” шарафини ҳимоя қилаётган Рустам Қурбонбоев билан ҳам бир пайтлар бирга ўйнаганман.

- Ўша пайтдаги Рустам Қурбонбоев бошқа шерикларидан нимаси билан ажралиб турарди?

- Менимча, Рустам ярим ҳимоячи бўлиб туғилган-ов. Чунки у ўша пайтлар ҳам майдон марказини ўз қўлига оларди, жамоанинг ўйинини ташкил қилиб берарди.

-   Сайдулло ака, мана сиз дарвозабон бўлгансиз. Сизга маълум-ки, ҳозирда клубларимиз ҳам, термаларимиз ҳам яратилган қулай вазиятлардан гол ура олмаслик “касали”га чалинишган. Бу нима билан боғлиқ деб ўйлайсиз: рақиб дарвозабонлари ва ҳимоячилари кучайиб кетишганми ёки хужумчиларимиз сусайишганми?

-  Менимча, бу нарса хужумчиларнинг савияси тушиб кетганидан бўлса керак. Хужумчиларнинг савияси эса улар ўртасидаги рақобатнинг тобора сусайиб ва ҳаттоки йўқолиб бораётганидан тушиб кетяпти, - деб ҳисоблайман. Жамоаларимизнинг таркибларига бир эътибор беринг: мураббийлар 5-6 ва ҳаттоки 10-15 ўйинга бир хил хужумчиларни майдонга туширишади. Шунда хужумчилар ўртасида рақобат бўладими?! Ахир, бир футболчи доим асосий таркибда ва алмаштиришларсиз тўп сураверса, у хотиржамликка берилиб: “Мураббийлар кейинги ўйинда ҳам хужумда барибир мени майдонга туширишади”, - деган ҳаёлга бормайдими?! Ўз устида ишлашни тўхтатиб қўймайдими?!

- Сизнинг даврингиздаги футбол билан ҳозирги футбол ўртасида қандай фарқ бор, - деб ўйлайсиз?

- Бизнинг давримизда футболчилар кўпроқ шаън ва мухлислар учун ўйнашарди, ҳозирги футболчилар эса кўпроқ маош ва даромад учун ўйнашади. Бизнинг давримиздаги ҳамкасбларим, шу жумладан, ўзим ҳам заҳирада ўтириб, ойлик олишга орланардик. Ҳозиргилар эса катта маош олиб, заҳирага “михланиш”га ҳам розилар. Фарқ шунда, - деб ўйлайман.

-  Сизнингча, хозирги хориж ва Ўзбекистон чемпионатларидаги энг кучли дарвозабонлар кимлар?

- Хорижда “Реал” посбони Икер Касильясга етадиган йўқ. Ўзимизда эса энг зўри “Локомотив” посбони Александр Филимонов бўлса керак. Филимоновнинг ўз жамоаси ўйинини бошқариши таҳсинга сазовор.

- Сайдулло ака, мазмунли суҳбатингиз учун катта раҳмат!

- Арзимайди. Сизга ҳам ташаккур!

Бобомурод АБДУЛЛА суҳбатлашди.

“ЧЕМПИОН” МАЪЛУМОТНОМАСИ: Сайдулло Жабборов,1957 йилда Сурхондарё вилояти Денов туманида туғилган. Футбол билан ўзи мустақил равишда 9 ёшидан шуғуллана бошлаган. Профессионал футболга маҳалла футболидан кириб келган. Дастлаб, 1977-78 йилларда Собиқ Иттифоқ таркибидаги Ўзбекистон чемпионатида Термизнинг “Сурхон” жамоаси дарвозасини қўриқлаган, кейинчалик 1980 йил давомида Наманган вилоятининг “Косонсой”, 1981 йилнинг ярмигача Наманганнинг “Навбаҳор”, 1981 йилнинг иккинчи ярмидан 1982 йилнинг ярмигача Хоразм вилоятининг “Шовот” жамоаларининг шарафини ҳимоя қилган. Сайдулло Жабборов футболчилик фаолиятини 41 ёшида, яъни 1998 йилда Ҳаққулободнинг “Норин” жамоасида тугатган. Бир ўғли, икки қизи ва икки невараси бор. 1985 йилда туғилган ўғли Дилшод Жабборов Тошкентнинг “Локомотив” жамоаси ярим ҳимоясида тўп суради. 4 ёшли невараси Жавоҳир ҳам ҳали кичкина бўлишига қарамасдан футболга ўзгача меҳр қўйган.

Манба: Чемпион” газетаси, №16, 2010 йил 20 апрель.