Рўзимбой Аҳмедов ва Эркин Жабборов “Хоразм”дан четлатилдилар
Жорий мавсум бошида Тошкентнинг “Пахтакор” жамоасидан ижарага олинган хужумчи Рўзимбой Аҳмедов ва дарвозабон Эркин Жабборов Урганчнинг “Хоразм” жамоасидан четлатилдилар. Клуб раҳбарияти қабул қилган ушбу кескин қарорнинг сабаби шунда-ки, ушбу футболчилар 2 май куни Урганчда бўлиб ўтган “Хоразм”-“Пахтакор” учрашувида иштирок қилишдан, яъни “Пахтакор”га қарши майдонга тушишдан бош тортишди.
Маълум-ки, 2 майдаги ўйин олдидан “Хоразм”да қатор йўқотишлар бор эди. Жумладан, хужумчилар Зафар Полвонов ва Левани Мдивнишвилида оғир жароҳатлар мавжуд бўлса, дарвозабон Ғайрат Ҳасанов мазкур учрашувдан олдинги турда, яъни Фарғонадаги ўйинда қизил карточка олиб уч ўйинга дисквалификация қилингади. Натижада “Хоразм”да дарвозабонлар ва хужумчилар танқисилиги вужудга келганди. Бу танқисликдан табиий-ки, Рўзимбойнинг ҳам, Эркиннинг ҳам хабари бор эди.
Урганчдаги “Хоразм”-“Пахтакор” ўйинидан олдин “Хоразм” жамоаси мураббийлари штаби ва ҳаттоки футболчилари ҳам Рўзимбой Аҳмедов ва Эркин Жабборовга юзага келган оғир вазиятни тушунтириб, “Пахтакор”га қарши майдонга тушишни илтимос қилишди. Аммо улар қанчалик илтимос қилишмасин, “пахтакорчилар” жонажон жамоасига қарши ўйнашни исташмади. Боз устига Аҳмедов ва Жабборров “Пахтакор”га қарши ўйнамасликларини ёзма равишда ҳам тасдиқлашди, яъни жамоа раҳбариятига бу ҳақида тушунтириш хатлари ёзишди.
“Хоразм”-“Пахтакор” учрашуви 0:1 ҳисобида якун топгач, “Хоразм” футбол клуби президенти Оллаберган Оллаберганов ва вице-президенти Усмон Жумагалдиев жамоанинг мураббийлар штаби билан келишган ҳолда Рўзимбой Аҳмедов ва Эркин Жабборовни ижара шартномасини кўпол равишда бузиб, ўзбошимчалик қилганликлари учун “Хоразм”дан четлаштиш ҳақида қарор қабул қилишди. Клуб раҳбарияти шу куннинг ўзидаёқ махсус йиғилиш ўтказиб, ундан ушбу қарорни расмийлаштирди ва бу ҳақида 3 май куни Ўзбекистон Профессионал футбол лигасини ҳам хабардор қилди.
Эслатиб ўтиш жоиз-ки, Рўзимбой Аҳмедов ва Эркин Жабборов жорий чемпионат бошида Тошкентнинг “Пахтакор” клубидан бир йилга ижарага олингандилар. “Хоразм” ва “Пахтакор” ўртасида тузилган ижара шартномасида ушбу икки футболчи “Пахтакор”га қарши майдонга тушмаслиги ҳақида шарт мавжуд эмас. Аммо бундай шарт мавжуд бўлмаса ҳам, Рўзимбой ва Эркин 2 май куни Урганчда “Пахтакор”га қарши майдонга тушишмади.
Урганчдаги учрашувдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида журналистлар “Пахтакор” вице-президенти Самвел Бабаянга: “Бугунги учрашувда “Пахтакор”дан ижарага олинган Рўзимбой Аҳмедов ва Эркин Жабборов ижара шартномасида тегишли банд бўлмаса ҳам, “Хоразм” сафида “Пахтакор”га қарши майдонга тушишмади. Баъзи гап сўзларга қараганда, бу икки футболчига “Пахтакор”га қарши ўйнашни “Пахтакор” вакиллари оғзаки равишда, яъни телефон орқали таъқиқлаганмиш. Шу гаплар қанчалик ҳақиқатга яқин, яъни Аҳмедов ва Жабборовнинг бундай ҳатти-ҳаракатларига “Пахтакор” раҳбарияти қанчалик алоқадор?” – деган саволни беришганди. Шунда С. Бабаян: “Ҳақиқатдан ҳам биз ушбу икки футболчини “Хоразм”га ижарага бераётганимизда ижара шартномасида “Пахтакор”га қарши майдонга тушмайди” – деган бандни киритмадик. Чунки буни Ўзбекистон футбол федерацияси таъқиқлаб қўйган. Аммо ўша шартнома имзоланаётган пайтда биз “Хоразм” мураббийлари билан Рўзимбой ва Эркинни “Пахтакор”га қарши майдонга туширмаслик ҳақида оғзаки равишда келишиб олганмиз. Яъни, сизларнинг мураббийларингиз билан бизнинг ўртамизда бу масалада жентлменлик келишуви бор. Хусусан, биз тарафдан ушбу оғзаки келишувга Григорий Цейтлин эришган. Шахсан мен бу ҳолни нормал деб ҳисоблайман. Бутун дунёда шундай тажриба бор, ва биз шу тажрибани ўзимизда қўллаяпмиз холос”, - деб жавоб берганди.
“Хоразм” футбол клубининг расмий интернет саҳифаси бу борада “Хоразм” жамоаси бош мураббийи Вали Султоновга мурожаат қилиб: “Сиз ростдан ҳам “Пахтакор” вакиллари билан шундай норасмий келишувга эришганмисиз?” – деб сўради. Вали Султонов www.xorazmfk.com сайтига берган интервьюсида: “Мен ва “Пахтакор” вакиллари, хусусан Григорий Цейтлин ўртасида ҳеч қачон ундай келишув бўлмаган”, - деди. “Хоразм” бош мураббийнинг айтишича, Рўзимбой Аҳмедов ва Эркин Жабборов 2 май куни “Пахтакор”га қарши майдонга тушмай нафақат “Хоразм”ни оғир аҳволга ташлашган, балки ўзларининг ҳали профессионал футболчи эмасликларини ҳам кўрсатишган.