Oldingi o`yin

“ХОРАЗМ”-“БУНЁДКОР” – 0:1 (0:0)

Ўзбекистон чемпионати, Олий лига, 13-тур. 2010 йил 14 июнь (душанба), “Хоразм” марказий стадиони, Урганч, 12255 томошабин.

Davomini o'qing...
Navbatdagi o`yin

"ХОРАЗМ" - “НЕФТЧИ” -:-

Ўзбекистон чемпионати, Олий лига, 21-тур. 2010 йил 25 сентябрь (шанба), соат 18:00, "Хоразм" марказий стадиони, Урганч.

Davomini o'qing...
Milliy chempionat o`yinlari

Futbol bo’yicha O’zbekiston XIX-Milliy chempionati jadvali. Oliy liga. 12–turdan keyingi vaziyat.

Davomini o'qing...
So`rovnoma
O`zbekiston futbolu yaxshimi?
 
Mehmonlar


free counters

“Хоразм” кучсизланган “Шўртан”дан ҳам енгилди

alt15 май куни Урганчда бўлиб ўтган учрашувда “Хоразм” футболчилари дарвозабон Михаил Алавидзе, ҳимоячилар Патрик Агбо ва Асрор Алиқулов, ярим ҳимоячи Баҳриддин Омонов, хужумчи Зайниддин Тожиев каби етакчиларисиз ҳаракат қилган, яъни кучсизланган “Шўртан”дан ҳам мағлуб бўлишди. Ушбу учрашувгача ғузорликлардан Агбо ва Тожиев дисквалификация қилинган бўлса, Алиқулов ва Омоновлар жароҳат олишганди. Дарвозабон Алавидзе эса учрашув бошланишига саноқли дақиқалар қолганда ичбуруғ бўлиб қолди. Натижада “Шўртан” мураббийлари ўйин қайдномасига Алавидзенинг ўрнига жамоанинг иккинчи дарвозабони Александр Корнейчукни киритишга мажбур бўлишди.

Учрашув “Хоразм” футболчиларининг хужумлари билан бошланди. 14-дақиқадаёқ урганчликларнинг ярим ҳимоячиси Гувончмуҳаммад Овеков жароҳатидан яқинда қутулиб, майдонга қайтган Зафар Полвоновни “Шўртан” дарвозабони билан бирга бир вазиятга чиқариш мақсадида “коридор”ли пас узатди. Аммо “коридор”га кириб борган Полвонов бу пасга етиша олмади: Корнейчук эпчиллик қилди. Орадан бир дақиқа ўтгач, Маркс Қурамбоев аутдан Полвоновга тўп оширди, Зафар тўпга қайчи усулида зарба берди, аммо тўп “Шўртан” дарвозасининг юқори ўнг бурчагидан сал баланд ўтиб кетди.

Шундан сўнг ғузорлик футболчилар ҳам хужумга зўр бера бошлашди. Бунинг натижасида “Хоразм” дарвозаси олдида ҳавфли вазиятлар юзага кела бошлади. Жумладан, 23-дақиқада Вячеслав Пономарёв жамоадоши Георгий Мегреладзега шундай ажойиб пас берди-ки, унга улгурганда грузиялик футболчи бўш дарвозага гол киритиши аниқ эди. Аммо Мегреладзе бу тўпга улгура олмади.

“Хоразм” дарвозаси олдида бундай вазиятларнинг юзага келишига нафақат “Шўртан” футболчиларининг фаоллиги, балки “Хоразм” футболчиларининг “жонбозлиги” ҳам сабаб бўлди. Хусусан, ўнг қанот ҳимоячиси Маъруф Пўлатов 15-20 дақиқа ичида шундай қўпол хатоларга йўл қўя бошлади-ки, “Хоразм” бош мураббийи Вали Султонов уни 22-дақиқадаёқ Миржалол Қурбоновга алмаштиришга мажбур бўлди. Афсуски, бу учрашувда ҳам аввалги ўйинлардаги каби ярим ҳимоячи Рустам Қурбонбоев майдон марказида рақибларига тўп олдириб қўйиш билан “машғул” бўлди. Чунончи, 21-дақиқада Рустам тўпни шундай олдириб қўйди-ки, бу тўп ғузорлик футболчилар учун ҳақиқий совғага айланди: улар бир пас билан Георгий Мегреладзени “Хоразм” дарвозабони Ғайрат Ўдаев билан бирга-бир вазиятга чиқариб юборишди. Ҳайриятки, бу вазиятда урганчликлар ҳимоячиси Михаил Махвиладзе ҳавфни бартараф қилди.

Меҳмонлар ярим ҳимояси эса, аксинча, жуда ишончли, бехато ва энг муҳими - тезкор ўйин намойиш этди. “Шўртан” ярим ҳимоячиларининг югуришлари олдида “Хоразм” ярим ҳимоячиларининг югуришлари касал одамларнинг юришларига ўхшаб қолди. Ғузорликлар ўз хужумчиси Георгий Мегреладзени шундай қулай вазиятларга чиқариб туришди-ки, грузиялик футболчига гоҳида омад етишмади, гоҳида “Хоразм” ҳимоячилари ва дарвозабони панд перишди.  

Биринчи тайм давомида “Хоразм” хужумчиларига ҳам аниқлик ва омад етишмади. Масалан, 44-дақиқада ҳимоячи Миржалол Қурбонов хужумчи Зафар Полвоновни узун диагонал пас билан “Шўртан” даврозабони билан бирга-бир вазиятга чиқарди. Аммо Полвонов тўпни кўкраги билан тўхтата олмади ва тўп ҳудди тахтага урилгандай Александр Корнейчукнинг қўлига бориб тушди.

Учрашувнинг иккинчи тайми ҳам иккала жамоа футболдчиларининг кетма-кет ва кескин хужумлари билан бошланди. 56-дақиқада “Хоразм” дарвозабони Ғайрат Ўдаев рақиби Георгий Мегреладзенинг бош билан берган ўта ҳавфли зарбасини пастки “тўққизлик”дан олиб чиқди. Бутун стадион бу зарба голга айланганига ишониб бўлганди, аммо сўнгги сонияларда хоразмлик “Бартез” кучли сакраш билан тўпни майдон ташқарисига чиқариб юборди.

59-дақиқада эса урганчликларнинг хужуми қандайдир тасодиф, аниқроғи, “Хоразм” стадионидаги майдоннинг ўнқир-чўнқирлиги туфайли голга айланмай қолди. Гувончмуҳаммад Овеков ва Зафар Холмуродов ўзаро “девор” ўйнаб, Корнейчук дарвозасининг яқинига бориб қолишди. Овеков  таҳминан тўрт метрдан туриб дарвозага ерлатиб зарба берди. Унинг зарбаси “Шўртан” дарвозасининг пастки бўш “тўққизлиги”га кириб кетаётганди. Аммо сўнги паллада тўп навбатдаги чўнқирга тушиб, ўз траекториясини ўзгартирди ва майдондан чиқиб кетди. Мана шу паллада ғузорликларнинг барчаси “Хоразм” стадионидаги майдоннинг расволигидан ҳурсанд бўлишган бўлса ажабмас, чунки бу вазиятда уларни муқаррар голдан майдоннинг нотекислиги қутқариб қолди холос.

80-дақиқада хоразмлик футболчилар яна майдон марказида тўпни рақибларига олдириб қўйишди. Бу сафарги “совға”ни қабул қилиб олган Георгий Мегреладзе ўйланиб ўтирмасдан 35 метрлардан туриб “Хоразм” дарвозасига кучли зарба берди. Бу вазиятда жарима майдонининг остонасида турган ҳамда жамоадошларининг бундай тўп йўқотишини ва Мегреладзенинг тўпни дарров дарвозага йўллашини кутмаган Ғайрат Ўдаев бу тўпни қайтаришга ожизлик қилди. Ҳисоб – 0:1.

82-дақиқада меҳмонлар жарима майдонида тўпни олиб, қулай вазиятга чиққан “Хоразм” хужумчиси Зафар Полвонов рақиби Георгий Мегреладзедан ўрнак олиб, тўпни дарров дарвозага йўллаш ўрнига ғузорлик ҳимоячиларни алдашга киришиб кетди ва тўпни уларга олдириб қўйди. Шу тариқа навбатдаги қулай вазиятни ҳам шамолга совурди.

Учрашувнинг 88-дақиқасида “Шўртан” мураббийлари ва футболчилари “Хоразм” стадионидаги майдоннинг ўнқир-чўнқирлигига, бу майдонни ўнқир-чўнқир аҳволга келтириб қўйган стадион маъмурларига яна ҳамду-санолар айтишди. Чунки бу пайтда ғузорлик ёш футболчи Лазиз Убайдуллаев 20 метрлардан ерлатиб “Хоразм” дарвозасига ноаниқ зарба берганди. Аммо “қийшиқ” тепилган тўп, майдоннинг яна бир чўнқирига тушгач, ўзининг “қийшиқ” траекториясини ўзгартириб, “Хоразм” дарвозасига йўл олди. 

Учрашув якунида ҳисоб 0:2 кўринишни олгач, тажрибали мураббий Эдгар Гесс тактик алмаштиришларни амалга оширди. 89-дақиқадан бошлаб, 90+5 дақиқагача у учта алмаштириш қилди ва бош ҳакам Владислав Цейтлин томонидан қўшиб берилган 5 дақиқани ҳам тактик алмаштиришлар билан “ўлдирди”. Шунга қарамай, ушбу ўйинда “Шўртан” алмаштиришларсиз ҳаракат қилди, - деса ҳам бўлади. 

Учрашув якунига етгач, жамоаларнинг мураббийлари матбуот анжуманида иштирок қилиб, мазкур ўйин ҳақидаги фикрларини журналистларга ва журналистлар орқали кенг оммага етказишди.

Эдгар Гесс (“Шўртан” бош мураббийи): “Бундай расво майдонда нафақат ғалаба қозониш, балки футбол ўйнашнинг ўзи ҳам оғир машаққат. Бунинг устига бугун жамоамизнинг етакчи ўйинчиларидан дарвозабон Алавидзе, ҳимоячилар Агбо ва Алиқулов, ярим ҳимоячи Баҳриддин Омонов, хужумчи Тожиевлар турли сабабларга кўра майдонга туша олишмаганди. Шунга қарамасдан шогирдларим бугун ишончли ўйин намойиш этиб, ишончли ғалабга эришишди. Мегреладзе томонидан киритилган биринчи гол йигитларнинг руҳини кўтариб юборди. Бугунги учрашувга биз “Хоразм”нинг сафардаги учрашувларини таҳлил қилиб, тайёргарлик кўргандик. Мени доим: “Нега “Хоразм” сафарда яхши ўйин намойиш этади-ю, ўз майдонида ўйнай олмайди?” – деган савол қийнарди. Бугун “Хоразм” стадионидаги футбол майдонининг ачинарли аҳволини кўриб, мен бу саволга жавоб топдим: “Сафардаги майдонлар яхши бўлгани учун “Хоразм” сафарда яхши ўйнаркан ва, аксинча, ўзининг майдони расво бўлгани учун Урганчда ёмон ўйнаркан”.

Олимжон Раҳмонов (“Хоразм” мураббийи): “Бугунги учрашувда йигитларимиз рақибдан ҳар томонлама орқада қолишди: ўйин бўйича ҳам, тезлик бўйича ҳам, ҳисоб бўйича ҳам. Уларга эътирозларимиз кўп. Футболчиларимизнинг хатолари туфайли етакчи ўйинчиларисиз тўп сурган, яъни кучсизланган ҳолда майдонга тушган “Шўртан”дан ҳам мағлуб бўлдик. Негадир ишларимиз ҳеч юришмаяпти, омад биздан юз ўгиряпти. Вахоланки, машғулотларда жамоа мураббийлари ҳам, футболчилари ҳам тер тўкиб ишлашмоқда”.

Ўзбекистон чемпионати, Олий лига, 9-тур. 2010 йил 15 май (шанба), “Хоразм” марказий стадиони, Урганч.

“ХОРАЗМ”-“ШЎРТАН” – 0:2 (0:0)

Бош ҳакам: Владислав ЦЕЙТЛИН (Тошкент)

Ёрдамчи ҳакамлар: Олег ДАЧЕВ (Тошкент) ва Равиль Шояхметов (Тошкент)

Заҳирадаги ҳакам: Рустам ТОШМУҲАМЕДОВ (Нукус)

Назоратчи: Вячеслав ВАЛИЦКИЙ (Тошкент)

ЎзПФЛ вакили: Алексей ФРОЛОВ

Голлар: Георгий Мегреладзе 80, Лазиз Убайдуллаев 88.

Огоҳлантиришлар: Жаводулла Ибрагимов 27, Михаил Махвиладзе 60, Гувончмуҳаммад Овеков 66, Зафар Полвонов 74 - Александр Корнейчук 45+2, Ярослав Крушельницкий 84.

“ХОРАЗМ”: Ғайрат Ўдаев, Азаматбек Исаев, Михаил Махвиладзе, Даврон Файзиев, Рустам Қурбонбоев, Маъруф Пўлатов (Миржалол Қурбонов – 22), Гувончмуҳаммад Овеков, Маркс Қурамбоев (Мурот Абдумуротов - 46), Зафар Полвонов, Жаводулла Ибрагимов, Илёс Хайров (Зафар Холмуродов - 54).

“ШЎРТАН”: Александр Корнейчук, Ярослав Крушельницкий, Жамол Отақулов, Игорь Таран, Георгий Мегреладзе (Бекзод Абдумўминов - 89’), Ильнур Хазигалиев, Павел Павлов (Аббос Омонов – 90+3’), Лазиз Убайдуллаев (Александр Мерзляков - 90’), Вадим Афонин, Алишер Юсупов, Вячеслав Пономарёв.