Эрматовнинг “шохи” борми?, ёки Адолат “божи”ни тўлаб қўйинг!
24 май куни Тошкентда ўтказилган “Локомотив”-“Хоразм” учрашуви гарчи тенг курашлар остида ўтган бўлса ҳам, ўйинда “темирйўлчилар” 2:1 ҳисобида ғалаба қозонишди. Уларнинг ғалабасига уларнинг ўзларидан ташқари, учрашув бош ҳаками, ФИФА рефериси, ўзбекистонлик футбол ҳакамларидан биринчи бўлиб “Осиёнинг энг яхши ҳаками” деган номга сазовор бўлган ва жаҳон чемпионатига чиққан Равшан Эрматов ҳам “ўз хиссасини қўшди”.
Ушбу учрашувда аутсайдерликка “номзод” мезбонлар яққол аутсайдер-меҳмонларни қабул қилишди. Ўйиннинг дастлабки дақиқалари “Локомотив”нинг ҳавфли хужумлари ва узоқдан берган зарбалари билан эсда қолди. Хусусан, 2-чи ва 4-чи дақиқаларда Жавлон Ибрагимов ва Дилшод Раҳматуллаевларнинг узоқдан берган зарбалари ўта ҳавфли бўлди. Янис Мандзукаснинг ўнг қанотдан уюштирган хужумлари ва оширган паслари ҳам урганчликларда хавотир уйғотиб турди.
10-дақиқада эса “Хоразм” ҳавфли хужум уюштирди: Жаводулла Ибрагимовнинг ҳаволатиб оширган пасини “Локо” жарима майдонидаги Зафар Полвонов боши билан “зарбага” ташлаб берди, лекин орқароқда турган Маъруф Пўлатов бу тўпга зарба беришга бормай, жойида тураверди. Вахоланки, Полвонов оширган тўп “темирйўлчилар” дарвозабони Александр Филимоновнинг устидан ҳам ошиб ўтганди.
Шуни айтиш керак-ки, ушбу ўйинда Маъруф Пўлатов ҳимоядаги ғаройиб ва тушуниб бўлмас хатолари билан ҳам эсда қолди. У қўриқлаётган чап қанот “Локомотив” футболчилари учун ҳақиқий “карвонсарой”га айланди. Маъруфнинг қаноти бўйлаб “темирйўлчилар”дан биргина Филимонов ёриб кирмади-ёв!
Учрашувнинг 31-дақиқасида “Хоразм” дарвозабони Ғайрат Ҳасанов ҳаводан келаётган тўпни ушлаб олишда хатоликка йўл қўйди: тўпни жарима майдонидан ташқарида ушлаб олди. Натижада учрашув бош ҳаками Равшан Эрматов “Хоразм” дарвозаси томон жарима тўпи белгилади. Бу тўпни 32-дақиқада Дилшод Жабборов баҳрайнлик Маҳмуд Абдулраҳмонга ўхшаб, қойилмақом тарзда бажарди ва учрашувдаги ҳисобни очди – 1:0.
Бироқ “Локомотив” футболчилари, мураббийлари ва мухлисларининг қувончи атиги икки дақиқа чўзилди. Чунки 34-дақиқада Зафар Полвонов жамоадоши Михаил Махвиладзенинг узоқдан берган кучли зарбасини боши билан Филимонов дарвозасига тўғирлаб қўйди ва ҳисобни тенглаштирди – 1:1.
Иккинчи тайм “Хоразм” учун омадсиз бошланди: 51-дақиқада “Локомотив” футболчиларининг ўнг қанотдан ҳаволатиб оширган пасини “Хоразм” сардори Даврон Файзиев ўз жарима майдонида қўли билан қайтарди. Пенальти! 52-дақиқада уни Музаффар Умрзоқов бехато бажариб, ҳисобни 2:1га етказди.
Шундан сўнг “Хоразм” футболчилари хужумга зўр бера бошлашди. Учрашувнинг 58-дақиқасида урганчликлар олдинги чизиқдаги Зафар Полвоновга ҳаволатиб пас оширишди. Мезбонлар жарима майдонида турган Зафар Полвонов тўпга боши билан зарба бериш мақсадида олдинга югурди. Аммо “Локомотив” ҳимоячилари уни намойишкорона тарзда футболкасидан тортиб, тўхтатишди ва йиқитишди. Бироқ Осиёнинг энг яхши ҳаками, ЖАРдаги жаҳон чемпионатига “билет олиб қўйган” Эрматовнинг хуштаги номаълум сабабларга кўра янграмади: у ўйинни давом эттиришни буюрди. “Хоразм” футболчилари, мураббийлари ва мухлисларининг жиғибийрон бўлишларига Равшан Эрматов ва унинг бригадаси парво ҳам қилмади.
85-дақиқада ҳам Равшан Эрматов “Локомотив” жамоасининг тақдирига бефарқ эмаслигини, “темирйўлчи” футболчиларга нисбатан кўнгли бўш эканлигини кўрсатиб қўйди. Гап шундаки, 85-дақиқада Филимонов билан бирга-бир вазиятга чиқиб кетаётган Зафар Холмуродовни “темирйўлчилар”дан кичик Рустам Аъзамов орқасидан келиб, йиқитди. Жарима майдони остонасида йиқитди. ФИФА рефериси тугул 1-тоифали ҳакам ҳам бу вазиятда охирги нажот чораси тариқасида ишлатган қоидабузарлиги учун Аъзамовга қизил картчока кўрсатарди. Аммо ФИФА рефериси ва Осиёнинг энг яхши ҳаками номаълум сабабларга кўра кичик Рустам Аъзамовга сариқ карточка кўрсатди холос.
Белгиланган жарима тўпини “жарбрланувчи”нинг ўзи тепди. Холмуродов тепган тўп Филимонов дарвозасининг тўсинига тегиб, майдондан чиқиб кетди. Қолган дақиқаларда хоразмликлар қанчалик хужум уюштиришмасин, барибир гол кирита олишмади.
Тошкент темир йўл муҳандислари стадионини тарк этаётган хоразмлик футбол ишқибозлари учрашув бош ҳаками Равшан Эрматов шаънига “п” ҳарфидан бошланиб, “з” ҳарфи билан тугайдиган “маълум” ва “машҳур” сўзларни айтиб кетишаётганда, “Локомотив” лагеридан кимдир: “Ҳой, бошқа ҳакамларни сўксангизлар ҳам, Эрматовни сўкманглар!” – деб, танбеҳ берди. Шунда хоразмликлардан бири: “Нима, Эрматовнинг “шохи” борми?!” – деди. Икки жамоа мухлислари ўртасида бўлиб ўтган ушбу “диалог” биздаги ҳакамлик тўғрисида баъзи фикрларни ўртага ташлашга туртки бўлди.
Ўзи ўтган йилнинг кузида Урганчда бўлиб ўтган “Хоразм”-“Локомотив” учрашувида ҳам Равшан Эрматов иккинчи таймга қўшиб берилган дақиқаларда “Хоразм” дарвозасига шубҳали пенальти белгилаб, хоразмлик ишқибозларнинг асабига текканди. Бу сафарги учрашувда эса “Локо” дарвозасига яққол пенальти белгиламасдан ва “темирйўлчилар”нинг футболчисига қизил карточка кўрсатишга журъат эта олмай, “Хоразм” мухлислари орасида “Локомотив”нинг хусусий ҳаками”, - деган номга сазовор бўлди.
24 майдаги “Локомотив”-“Хоразм” ўйинидан кейин футбол соҳасида анчадан бери қалам тебратаётган бир ҳамкасбим менга: “Ҳакамлар одил бўлиши учун ҳам ҳакамларга қуруғидан узатиш керак-да, ака!” – деб кесатиб қўйди. Мен бу гапни эшитиб хайрон қолдим, чунки мен доим: “Бутун дунёда ҳакамлар кимгадир ён босиш учунгина пул олишади”, - деб ўйлаб юрардим. Энди билсам, одилона ҳакамлик қилишлари учун ҳам пул олишар экан. Яъни:
- Ҳакам ўйинни одилона бошқаришини хоҳлайсизми?
- Хоҳлайман!
- Ундай бўлса, марҳамат қилиб, тўлаб қўйинг “бож”ни!
- Қанақа “бож”ни?
- “Адолат божи”ни-да!
Дарҳақиқат, ҳакамлар футбол ўйинини адолатли бошқариши учун пул олишса, ҳакамларга бериладиган бу пулни “адолат божи”, - деса ҳам бўлади.
“Нефтчи” устози Юрий Саркисяннинг ҳакамлар тўғрисидаги айтган гаплари эсимга тушиб кетяпти. Жумладан, 2009 йил 15 май куни Тошкентда бўлиб ўтган “Пахтакор”-“Нефтчи” учрашувидан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида айтганлари эсимга тушяпти. Мана улар:
“Ўйин ҳақидаги фикрларимни баён этишимни хоҳлаяпсизларми? Марҳамат қилиб, пулини тўлаб қўйинглар! Ана ҳакамлар ҳамма нарсани пулга қилишяпти-ку, нега энди мен текинга гапирар эканман?!” (“Пахтакор” футбол клуби матбуот хизмати раҳбари Мирзаҳаким Тўхтамирзаевнинг илтимосига жавоби)
“Бизда футболчиларни ҳимоя қилиш қўмитаси йўқ, мураббийларни ҳимоя қилиш қўмитаси йўқ. Лекин ҳакамларни ҳимоя қилиш қўмитаси бор! Бу қўмита ҳакамларни кимлардан ва нимадан ҳимоя қилишини мен тушунмайман. Афтидан, қўмита ҳакамлар олган пулларини уйларига эсон-омон олиб боришини ҳимоя қилса керак!” (Ҳакамлар ҳақида айтганларидан)
“Мен доимо ҳакамликка фақат собиқ футболчиларни тайинлашни ёқлаб келганман. Нега? Чунки ўзи футболчи бўлган одамгина футболчини адолатсиз қарорлар билан синдириш нима эканлигини яхши билади.” (Ҳакамлар ҳақида айтганларидан)
“Собиқ футболчи-ҳакамлар футбол қонун-қоидаларини ва ички муҳитини, футболчиларнинг ҳаёти ва руҳиятини ҳакамликка кўчадан келганларга нисбатан яхши билишади. Собиқ футболчилар ҳакамликка боришдан аввал: “Бу жуда жиддий ва масъулиятли иш!”, - деб қарашади, ҳакамликка кўчадан келаётганлар эса: “Бу жуда зўр бизнес!” – деб ўйлашади. (Ҳакамлар ҳақида айтганларидан)
“Мен Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббийман. Икки марта давлат мукофоти ва медалларига сазовор бўлганман. Шунча унвон ва медалларим бўлса ҳам, ҳакамлар менга ва жамоамга қарши ноҳақлик қилишни тўхтатишмаяпти. Энди шу ҳакамлар ҳеч бир унвони йўқ мураббийлар ва уларнинг жамоаларига қарши нималар қилаётганликларини тасаввур қилаверинг!” (Ҳакамлар ҳақида айтганларидан)
“Хотининг хиёнат қилса, сен нима қиласан? Сен ўзингдан чиқмайсанми? Хотинингга ва унинг ўйнашига ҳамла қилмайсанми? Футболчилар ҳам шунақа: ҳакам адолатсизлик қилса, руҳий мувозанатдан чиқишади ва унга ҳамла қилишади” (“Наҳот-ки, шогирдларингиз ҳакамнинг адолатсиз қарорларидан дарров эзилиб, дарров руҳий мувозанатини йўқотаверадиган даражада ожиз бўлишса?” – деган саволга жавоби)
“Олдинлари, биз собиқ Иттифоқнинг иккинчи лигасида ўйнаганимизда, ҳакамлар Ўзбекистоннинг барча вилоятларидан бўларди. Ҳозир ҳакамларнинг аксарияти Тошкентдан. Ўша аксарият ўзини шаҳарлик деб, бизларни эса вилоятлилар, қишлоқлилар деб билади. Уларнинг “кучи” фақат вилоят жамоаларига етади, пойтахт жамоаларига етмайди. Сўнгги пайтларда биз ҳам: “Тошкентга кўчиб келсакмикан?” – деб ўйланиб қолдик” (Ҳакамлар ҳақида айтганларидан)
Юрий Вазгенович Саркисяннинг миллионлар ўйинига келганидан ва мураббий бўлганидан Ўзбекистон футболи қанчалик ютган бўлса, ўткир ва аниқ сўз санъати ҳамда қизиқчилиги шунчалик ютқазган, - десам муболаға бўлмайди.
Яқинда, яъни 6 май куни Тошкентда бўлиб ўтган “Бунёдкор”-“Динамо” учрашувидан сўнг самарқандликларнинг устози Азамат Абдураимов ҳам ҳакамлар ҳақида ўзининг классик фикрларини билдириб, олий маълумотли журналистлигини эслатиб қўйди. Мазкур учрашувдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида А. Абдураимов ўйиннинг бош ҳаками Валентин Коваленко йўл қўйган хатолар ҳақида гапираётиб: “Бизда “тегиниб бўлмайдиган” ҳакамлар бор. Улар ҳақида на танқидий фикр билдириб бўлади, на шикоят қилиб бўлади. Чунки уларга тегиниб бўлмайди. “Тегиниб бўлмайдиган” ҳакамлардан бири - Валентин Коваленко”, - деганди.
Шахсан мен Азамат Абдураимовнинг гапларига шуни қўшимча қилишим мумкин: “Ўзбекистонда биринчи сонли “тегиниб бўлмайдиган” ҳакам – Равшан Эрматов!”. Нега унга тегиниб бўлмайди? Чунки у Осиёнинг энг яхши ҳаками! Чунки у ўзбек ҳакамлардан биринчи бўлиб ЖАРдаги жаҳон чемпионатига боради! Шунинг учун унга ҳамма нарса мумкин! Шунинг учун уни танқид қилиб бўлмайди! Шунинг учун унинг устидан шикоят ёзиб бўлмайди! Ёзсанг ҳам, фойдаси бўлмайди!
Дарҳақиқат, бундай вазиятларда ЎФФ ва ЎзПФЛга арз қилсанг, федерация ва ПФЛ вакиллари ўзларининг “арзандалари”ни оқлашга ўтишади. “Арзандалари”ни оқлашда улар сийқаси чиққан гаплардан фойдаланишади: “Ҳакамлар ҳам инсон, улар ҳам адашишади. Беайб фақат парвардигор”. Шу гапларни айтишдан нарига ўта олишмайди.
Ҳеч ким ҳакамларни Яратганга тенглаштираётгани йўқ: ҳамма билади уларнинг ҳамма қатори тирик жонлигини ва хом сут эмган бандалигини. Лекин шундай саволлар туғилади: “Хўп, ҳакамлар тирик жон эканлар, нега унда уларнинг аксарияти пулдор ёки мезбон жамоалар фойдасига адашишади?! Ахир, тирик жон дегани кўр-кўрона адашмайдими?!”.
Мана шу саволларга жавоб йўқ! Шу сабабдан ҳам мен ҳакамларнинг “тирик жонлиги”, “хом сут эмган бандалиги”, “парвардигор эмаслиги”, яъни бехосдан, кўролмай қолганлиги туфайли адашишлари ҳақидаги афсоналарга ишонмайман.
Бизнинг “тегиниб бўлмайдиганлар”имиз назоратчилар томонидан доим юқори баҳоланишади ва доим сувдан қуруқ чиқишади. 24 май куни Тошкентда бўлиб ўтган “Локомотив”-“Хоразм” учрашувининг назоратчиси Радик Серазетдинов ҳам “тегиниб бўлмайдиган” ҳакамларнинг биринчиси бўлмиш Равшан Эрматовга юқори баҳо қўйса, ажаб эмас. Ахир, Эрматов ЖАРдаги жаҳон чемпионатига кетаяпти-ку! Жиддий сафар олдидан Эрматовга паст баҳо қўйиб, унинг обрўсини тўкиб бўладими?! Гуноҳи азим-ку бу! Мана шу фикрлардан келиб чиқиб, “Хоразм” бош мураббийи Вали Султонов ҳам Равшан Эрматовнинг устидан расмий норозилик хати ёзмаса керак.
Учрашув якунлангач икки жамоа мураббийлари қуйидаги фикрларни билдиришди.
Вали СУЛТОНОВ (“Хоразм” бош мураббий): “Ўйин жуда қизиқарли ўтди. Омад яна биздан юз ўгирди. Боз устига бош ҳакам Равшан Эрматов ҳам бизнинг фойдамизга пенальти белгиламади. Вахоланки, Зафар Полвоновни футболкасидан тортиб йиқитишганди”
Андрей МИКЛЯЕВ (“Локомотив” бош мураббийи): “Мен ҳакамларнинг ҳатти-ҳаракатларини баҳоламайман. Улар вазиятларни ҳаммадан кўра яқин ва яхши баҳолашади. Ўйиндан ҳам, ҳисобдан ҳам қониқдим. Омад биз тарафда бўлди, - десам муболаға бўлмайди”.
“ЛОКОМОТИВ”-“ХОРАЗМ” –2:1 (1:1)
Ўзбекистон чемпионати, Олий лига, 10-тур. 2010 йил 24 май (душанба), Тошкент давлат темир йўл муҳандислари институти стадиони, Тошкент, 1876 томошабин.
Бош ҳакам: Равшан ЭРМАТОВ (Тошкент)
Ёрдамчи ҳакамлар: Абдулҳамидулло РАСУЛОВ (Тошкент) ва Рафаэль ИЛЁСОВ (Тошкент)
Заҳирадаги ҳакам: Абдураҳим МЎМИНОВ (Тошкент вилояти)
Назоратчи: Радик СЕРАЗЕТДИНОВ (Тошкент)
Голлар: Дилшод Жабборов 32’, Музаффар Умрзоқов 52’ (пен.) – Зафар Полвонов 34’.
Огоҳлантиришлар: Дилшод Жабборов 19’, Виталий Почуев 64’, Рустам Маҳмудович Аъзамов 80’, Фарҳод Усмонов 90+3’ - Гувончмуҳаммад Овеков 38’, Маъруф Пўлатов 47’.
“ЛОКОМОТИВ”: Александр Филимонов, Баҳром Йўлдошев, Рустам Маҳмудович Аъзамов, Виталий Почуев, Дилшод Жабборов, Жавлон Ибрагимов, Дилшод Раҳматуллаев, Музаффар Умрзоқов (Фарҳод Усмонов 97‘), Янис Мандзукас, Рустам Рашидович Аъзамов (Олим Новкаров 53‘), Тимур Васильев (Александр Токов 74‘)
“ХОРАЗМ”: Ғайрат Ҳасанов, Азамат Исаев, Михаил Махвиладзе, Даврон Файзиев, Рустам Қурбонбоев (Азизхон Ибрагимов 71‘), Маъруф Пўлатов, Гувончмуҳаммад Овеков, Жаводулла Ибрагимов (Зафар Холмуродов 61‘), Дос Чагос Эвертон, Зафар Полвонов, Мурот Абдумуротов (Илёс Хайров 67‘).
Бобомурод АБДУЛЛА