35-40 метрлардан урилган гол “Қизилқум”га ғалаба келтирди
4 июнь куни Зарафшон шаҳрида бўлиб ўтган “Қизилқум”-“Хоразм” ўйинида Рустам Забиров шогирдлари Леонид Кошелевнинг 52-дақиқада 35-40 метрлардан урган голи эвазига ғалаба қозонишди. Аслида зарафшонликлар “Хоразм” даврозасига яна 1-2 гол уришлари мумкин эди, аммо учрашувнинг биринчи таймида улар юзага келган қулай вазиятлардан фойдалана олишмади. Урганчликлар эса бутун учрашув давомида “Қизилқум” дарвозаси олдида айтарли ҳавфли вазиятлар ярата олишмади.
Зарафшонликлар учрашувнинг бошидаёқ ҳисобни очишлари мумкин эди, аммо Вадим Любинскийнинг 3-дақиқада узоқдан берган зарбасини “Хоразм” дарвозабони Ғайрат Ҳасанов қайтарди. Орадан тўрт дақиқа ўтгач Леонид Кошелев “Хоразм” жарима майдони остонасидан туриб дарвоза томон кучли зарба берди, аммо унинг тепган тўпи баланддан кетди. 19-дақиқада хоразмликлар “Қизилқум” тўпурари Владимир Постолатьевга жарима майдонининг ичида туриб дарвозага боши билан зарба беришга ҳалақит қила олишмади. Бироқ Постолатьевнинг зарбаси ҳам ноаниқ кетди.
26-дақиқада Леонид Кошелев энди жарима майдонининг ичига кириб, “Хоразм” дарвозасига зарба берди. Аммо бу тўпга яна Ғайрат Ҳасанов эгалик қилди. 32-дақиқада Леонид Кошелев томонидан ўнг қанотдан узатилган бурчак тўпидан кейин Ғайрат Ҳасановнинг дарвозаси олдида “тўс-тўполон” вужудга келди: зарафшонликларнинг биринчи тепган зарбасини “Хоразм” ярим ҳимоячи Рустам Қурбонбоев дарвоза чизиғида туриб қайтарди, иккинчи зарба эса дарвозабоннинг ўзига йўналтирилди.
39-дақиқада жарима майдонига ҳаволатиб узатилган тўпга чиқишда Ғайрат Ҳасанов хатога йўл қўйди, аммо зарафшонлик футболчилар бу хатони голга айлантира олишмади: Аҳрол Рисқулллаев ўзига келиб тушган тўпни тўппа-тўғри Ғайрат Ҳасановга тепди. Биринчи таймга қўшиб берилган вақтда Вадим Любинскийда ҳам гол уриш учун қулай имконият бўлганди, аммо у жаримадан ҳаволатиб узатилган тўпни боши билан ноаниқ йўллади. “Хоразм” футболчилари эса биринчи таймда асосан ҳимояланишга мажбур бўлишди, чунки уларнинг ярим ҳимоячилари ва хужумчилари суст ҳаракат қилишди.
Учрашувнинг иккинчи тайми яна “Қизилқум”нинг хужумлари билан бошланди. Улар чап ва ўнг қанотлардан “Хоразм” жарима майдонига ҳаволатиб паслар ошириб, хужум чизиғидаги шериклари Постолатьев ва Любинскийларни қулай вазиятларга чиқаришга уринишди. Учрашувнинг 52-дақиқасида майдон марказидан узоқ бўлмаган жойда тўпни Леонид Кошелев эгаллади ва ўнг тарафга қараб силжиб бошлади. Бу вазиятда Кошелевга яқин турган хоразмлик Рустам Қурбонбоев негадир рақибига ҳалақит қилмади. Кошелев эса ҳудди ўзининг дўстларига қарши ўйнаётгандай, бемалол тўп билан 1-2 метр олдинга силжиб, 35-40 метрлардан “Хоразм” дарвозасига унчалик кучли бўлмаган зарба йўллади. “Хоразм” дарвозабони Ғайрат Ҳасанов узоқдан келаётган бу тўпга эгалик қилиш учун жойидан чап тарафга силжиб бориш ўрнига, тўпни ўзи турган жойида кутди. Кошелевнинг тепган тўпини Ҳасанов жойидан туриб сакраб қайтармоқчи бўлди, аммо қайтара олмади. Шу тариқа хоразмлик ярим ҳимоячи Рустам Қурбонбоевнинг бепарволиги ва дарвозабон Ғайрат Ҳасановнинг қўпол хатоси учрашувда ҳисоб очилишига олиб келди -1:0.
Гарчи ўйиннинг иккинчи таймида “Хоразм” футболчиларининг ўйинида сал ўсиш сезилган бўлса ҳам, бу ўсиш ҳисобда акс этмади ва 1:0 ҳисоби учрашув якунигача ўзгармади.
Ўйиндан кейин жамоларнинг мураббийлари қуйидаги фикрларни билдиришди:
Вали СУЛТОНОВ (“Хоразм” бош мураббийи): “Бизда яна ярим ҳимоячилар ва ҳимоячилар кўплаб хатоларга йўл қўйишди. Шу сабабдан ҳам “Қизилқум” футболчилари дарвозамиз олдида ҳавфли вазиятлар уюштиришди. Голга келадиган бўлсам, бу гол ярим ҳимоячимиз Рустам Қурбонбоев ва дарвозабонимиз Ғайрат Ҳасановнинг қўпол ва кечириб бўлмас хатолари туфайли урилди”.
Рустам ЗАБИРОВ (“Қизилқум” бош мураббийи): “Шогирдларимни ушбу учрашувга руҳан тайёрлаш менга осон бўлмади. Чунки футболчиларимизда “Хоразм” – охирги ўриндаги аутсайдер жамоа”, - деган фикр пайдо бўлиб улгурганди. Ушбу ўйинга тайёргарлик кўриш жараёнида мен шогирдларимга: “Хоразм” охирги ўринда юргани билан сизлар ўйлагандай кучсиз, осон таслим бўладиган жамоа эмас, ҳатто етакчи жамоалар ҳам “Хоразм”ни зўрға ютаяптилар”, - деган фикрни сингдирдим. Мана, бугунги ўйин ҳам менинг фикрларимни тасдиқлади. Агар “Хоразм” дарвозабони хатоси туфайли Леня Кошелев гол урмаганда бугун ютишимиз амри маҳол эди. “Хоразм”нинг тиш-тирноғи билан охирги дақиқаларгача курашишини ўзингиз кўрдингиз”.
“ҚИЗИЛҚУМ”-“ХОРАЗМ” –1:0 (0:0)
Ўзбекистон чемпионати, Олий лига, 12-тур. 2010 йил 4 июнь (жума), “Прогресс” стадиони, Зарафшон, 3992 томошабин.
Бош ҳакам: Марат ИСМОИЛОВ - 8,5 (Тошкент)
Ёрдамчи ҳакамлар: Маҳмуд ШАРИПОВ – 8,8 (Бухоро) ва Илхом ЧОРИЕВ – 8,4 (Жарқўрғон)
Заҳирадаги ҳакам: Илгиз ТАНТАШЕВ – 9 (Бухоро)
Назоратчи: Ғайрат КАРИМОВ (Тошкент)
Гол: Леонид Кошелев 52’.
Огоҳлантиришлар: Шавкат Насибуллаев 27’, Вадим Любинский 71’ – Обид Жўрабоев 39’, Миржалол Қурбонов 45+2’.
“ҚИЗИЛҚУМ”: Андрей Мельничук, Андрей Ерохин, Шерзод Шарипов (Жасур Ҳасанов 53’), Шавкат Насибуллаев, Аҳрол Рисқуллаев, Леонид Кошелев, Вадим Любинский (Баҳриддин Ваҳобов 85’), Руфат Исроилов, Шерали Жўраев, Антон Лисюк (Собир Усмонхўжаев 74’), Владимир Постолатьев.
“ХОРАЗМ”: Ғайрат Ҳасанов, Азамат Исаев, Михаил Махвиладзе, Миржалол Қурбонов, Рустам Қурбонбоев (Дос Чагос Эвертон 75’), Обид Жўрабоев, Маркс Қурамбоев, Мурот Абдумуротов, Илёс Хайров (Бекзод Отаниёзов 72’), Зафар Полвонов, Жаводулла Ибрагимов (Гувончмуҳаммад Овеков 65’).