Миржалол Қосимов: “Хоразм”нинг ҳар бир футболчисига тириклигида ҳайкал қўйиш керак!”
14 июнь куни Урганч шаҳрида бўлиб ўтган “Хоразм”-“Бунёдкор” учрашувидан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида тошкентликларнинг бош мураббийи Миржалол Қосимов: “Мана шундай расво майдонда ўйнаб келаётгани учун, мана шундай расво майдонда бугун ажойиб ва шиддатли ўйин кўрсатгани учун “Хоразм”нинг ҳар бир футболчисига тириклигида ҳайкал қўйиш керак. Чунки, ишонинг, бундай ёмон майдонда, шундай шароитда футбол ўйнашнинг, боз устига яхши ўйнашнинг ўзи бўлмайди. Бугун биз 1,5 тайм хужумкор ўйин кўрсатган бўлсак, ўйиннинг сўнгги 20-25 дақиқасида “Хоразм” футболчилари бизни қаттиқ хаяжонланишга мажбур қилишди”, - деди. Унинг айтишича, хоразмлик футболчилар ўзларининг шиддати ва спортчиларга хос жаҳллари билан майдоннинг ҳар бир қаричи учун аёвсиз кураш олиб бордилар. “Шу сабабдан, гарчи учрашувда биз ғалаба қозонган бўлсак ҳам, ҳавфли вазиятлар яратиш борасида ўйин тенг бўлди, - деб ўйлайман”, - деди “Бунёдкор” устози Миржалол Қосимов.
Ўйиндан кейин ўтказилган матбуот анжуманида “Хоразм” бош мураббийи Вали Султонов ҳам тошкентлик ҳамкасбининг фикрларига монанд фикрлар билдирди. “Бугун 1,5 тайм давомида биз бор эътиборимизни аввало ҳимояга, кейин қарши хужумларга қаратганимиз учун хужумкор ўйин кўрсатмадик. Аммо ўз дарвозамиздан гол ўтказиб юборгач, тактикани ўзгартирдик ва бор эътиборимизни хужумга қаратдик. Ўзингиз кўрдингиз: учрашувнинг охирги 20-25 дақиқасида биз “Бунёдкор” футболчиларини уларнинг жарима майдонига “қамал” қилиб қўйдик. Агар “Бунёдкор”нинг дарвозасида Игнатий Нестеров бўлмаганда бугун тошкентликларнинг дарвозасига бир эмас, бир нечта гол уришимиз мумкин эди. Бундан ташқари, учрашув бош ҳаками Рустам Саидов меҳмонлар ўз жарима майдонида Нестеров билан яккама-якка ҳолатга чиқиб кетаётган футболчимиз Бекзод Отаниёзовни тортиб йиқитишгани учун “Бунёдкор” дарвозасига пенальти белгиламади”, - деди Вали Султонов.
Дарҳақиқат, 13-турнинг “Хоразм”-”Бунёдкор” ўйини иккала бош мураббий айтганидек қизиқарли ўтиб, шиддатли ва аёвсиз курашларга бой бўлди. Ўйин муросасиз ўтгани туфайли “Хоразм” футболчиси Маркс Қурамбоев 10-дақиқадаёқ жароҳат олди ва майдонни тарк этишга мажбур бўлди. Учрашувнинг биринчи таймида тўлалигича “Бунёдкор” футболчилари устунлик қилишди. Улар “Хоразм” даврозаси олдида бир нечта ҳавфли вазиятларни яратишди. Жумладан, биргина Мартинес Денилсоннинг ўзида учта ўта қулай вазият бўлди, аммо бразилиялик футболчи бу имкониятларни голга айлантира олмади. Хусусан, 30-дақиқада Денилсон “Хоразм” ҳимоячиси Азаматбек Исаевнинг хатосидан фойдаланиб, дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқиб кетди, аммо сўнгги паллада ноаниқ зарба берди. Кейинчалик Денилсон “Хоразм” дарвозасига 3-4 метрлардан туриб кучли зарба берди, бироқ бу сафар Ғайрат Ҳасанов фантастик реакция ва эпчиллик намойиш этиб, бразилияликнинг зарбасини бартараф қилди. Шундай имкониятлар бошқа бир “қалдирғоч” Сервер Жепаровда ҳам бўлди, аммо унинг зарбаларини гоҳ “Хоразм” ҳимоячилари, гоҳ дарвозабони бартараф қилишди.
Биринчи таймда қарши хужумда ҳаракат қилган хоразмлик футболчиларда ҳам гол уриш учун қулай имкониятлар бўлди. Масалан, 12-дақиқада Ўзбекистон олимпия терма жамоасига номзод футболчи Миржалол Қурбонов таҳминан 30-35 метрлардан “Бунёдкор” дарвозаси томон кучли зарба берди, аммо унинг зарбаси сал баланддан кетди. Айтганча, шу куни Ривалдони персонал таъқиб қилган Миржалол Қурбонов ўзининг бразилиялик эски “ўлжаси”га яна ўйин бермади. 14-дақиқада Гувончмуҳаммад Овеков 20-25 метрлардан кучли зарба йўллади, аммо бу зарбани Игнатий Нестеров бартараф қилди.
Иккинчи тайм яна “Бунёдкор”нинг ҳавфли хужумлари билан бошланди. 55-дақиқада Стевица Ристич “Хоразм” жарима майдонида туриб, 10-11 метрлардан туриб дарвозага ўта кучли зарба йўллади, аммо зарба ўта кучли бўлгани баробарида ўта ноаниқ ҳам бўлди. Бу вазиятда Ристичга тўпни боши билан Сервер Жепаров етказиб берганди. Аммо саноқли дақиқалардан кейин Ристич ўзининг бу хатосини тўғирлади: яна “Хоразм” жарима майдони ичида шерикларидан тўпни қабул қилиб олиб, мезбонлар дарвозаси томонга ўгирилиб, зарба берди ва ҳисобни очди. Бу вазиятда “Хоразм” ҳимоячилари Ристичга ҳам тўпни қабул қилишга, ҳам дарвоза томонга ўгирилишга, ҳам зарба беришга етарлича ҳалақит қилишмади.
Ўтказиб юборилган голдан кейин “Хоразм” футболчилари бутунлай бошқача, яъни хужумкор ўйин намойиш эта бошлашди. Бунинг натижаси ўлароқ “Бунёдкор” дарвозаси олдида ўта ҳавфли вазиятлар юзага кела бошлади. Даставвал 66-дақиқада “Хоразм” хужумчиси Зафар Полвонов тўпни рақиб жарима майдони остонасида қабул қилиб, бир ҳаракат билан ҳам дарвозага ўгирилди, ҳам ҳимоячиларни алдади ва олдинга юриб туриб, дарвозага кучли зарба йўллади. Аммо ерлатиб йўллаган ушбу тўпни Игнатий Нестеров қайтарди. Орадан бир дақиқа ўтгач, “Хоразм”лик футболчилар меҳмонлар жарима майдонида турган Илёс Хайровга ҳаволатиб пас беришди. Илёс ушбу тўпни ерга туширмасдан дарвозага кучли тарзда йўллади, аммо Нестеров яна ажойиб ўйин кўрсатиб, жамоасини муқаррар голдан сақлаб қолди. Яна бир дақиқа ўтгач, “Хоразм”нинг ёш хужумчиси Бекзод Отаниёзов Нестеров билан бирга бир вазиятга чиқиб кетиши мумкин эди, аммо “Бунёдкор” футболчилари уни ўз жарима майдонларида тортиб, йиқитишди. Бироқ Ўзбекистоннинг “маълум” ва “машҳур” ҳакамларидан Рустам Саидов “Бунёдкор” дарвозасига пенальти белгиламади.
Учрашувнинг 87-дақиқасида ҳам ҳисоб тенглашиши мумкин эди, аммо Нестеров яна “Бунёдкор”ни муқаррар голдан асраб қолди. Ушбу вазиятда меҳмонлар дарвозаси томон 30-35 метрлардан жарима зарбаси белгиланганди. Жарима тўпини “Хоразм” дарвозабони Ғайрат Ҳасанов қойилмақом тарзда тепди. Унинг кучли зарбаси Нестеров дарвозасининг ўнг бурчагига қараб кетаётган бир пайтда, “Хоразм” хужумчиси Зафар Полвонов сўнгги паллада зарбанинг йўналишини Нестеров дарвозасининг чап бурчагига қаратиб ўзгартирди. Бироқ Игнатий Нестеров феноменал реакция эгаси эканлигини кўрсатиб, траекторияси ўзгартирилган зарбани ҳам қайтарди.
Ушбу паллаларда “Бунёдкор” футболчилари бутун жамоа бўлиб ҳимояланишга мажбур бўлишди. Меҳмонларнинг бош мураббийи Миржалол Қосимов ҳаттоки олдинги чизиқдаги Стевица Ристич ва Анвар Солиевларни ҳам ҳимояга ўтишга чақирди. Хоразмлик футболчиларнинг шиддатли хужумларидан асабийлашган “қалдирғочлар” баъзи вазиятларда ўз ҳиссиётларини жиловлай олмай хоразмлик рақибларига ва бош ҳакам Рустам Саидовга ҳамла қилишди. Хусусан, Сервер Жепаров бош ҳакамни атайлаб туртгани учун огоҳлантирилди ҳам.
0:1 ҳисоби учрашув охиригача ўзгармади ва “Хоразм” навбатдаги аламли мағлубиятни тан олишга мажбур бўлди. Бироқ “Хоразм” жамоаси мағлуб бўлгани билан “Хоразм” стадионига йиғилган мухлислар “оқ тулпорлар”нинг ўйинидан мамнун бўлишди. “Бунёдкор”га қарши шиддатли ва чиройли ўйин кўрсатгани учун хоразмлик мухлислар учрашувдан сўнг “Хоразм” жамоасининг футболчиларини ва бош мураббийи Вали Султоновни гулдурос қарсаклар ва “Хоразм”! “Хоразм”! Вали! Вали!” - деган овациялар билан кузатиб қўйишди.
“ХОРАЗМ”-“БУНЁДКОР” – 0:1 (0:0)
Ўзбекистон чемпионати, Олий лига, 13-тур. 2010 йил 14 июнь (душанба), “Хоразм” марказий стадиони, Урганч, 12255 томошабин.
Бош ҳакам – Рустам САИДОВ (Тошкент) – 9,0
Ёрдамчи ҳакамлар – Обид ЖУМАЕВ (Навоий) – 9,1 ва Руслан САМАНДАРОВ (Навоий) – 9,4
Заҳирадаги ҳакам – Рустам ТОШМУҲАМЕДОВ (Нукус) – 9,0
Назоратчи – Владимир ШТЕРН (Тошкент)
Гол: Стевица Ристич 55‘.
Огоҳлантиришлар: Дос Чагос Эвертон 71‘, Миржалол Қурбонов 86‘ – Сервер Жепаров 77‘, Анвар Солиев 83‘
“ХОРАЗМ”: Ғайрат Ҳасанов, Азаматбек Исаев, Михаил Махвиладзе, Миржалол Қурбонов, Обид Жўрабоев, Маркс Қурамбоев (Гувончмуҳаммад Овеков 10‘), Мурот Абдумуротов (Бекзод Отаниёзов 62‘), Илёс Хайров, Дос Чагос Эвертон, Зафар Полвонов, Жаводулла Ибрагимов (Сарвар Ибодуллаев 81‘).
“БУНЁДКОР”: Игнатий Нестеров, Стевица Ристич, Анвар Ғофуров, Азизбек Ҳайдаров, Эдсон Рамос, Витор Борба Ривалдо (Руслан Мелзиддинов 90+1‘), Мартинес Денилсон (Анвар Солиев 63‘), Саҳоб Жўраев (Виктор Карпенко 52‘), Анзур Исмоилов, Жоао Виктор, Сервер Жепаров.