Oldingi o`yin

“ХОРАЗМ”-“БУНЁДКОР” – 0:1 (0:0)

Ўзбекистон чемпионати, Олий лига, 13-тур. 2010 йил 14 июнь (душанба), “Хоразм” марказий стадиони, Урганч, 12255 томошабин.

Davomini o'qing...
Navbatdagi o`yin

"ХОРАЗМ" - “НЕФТЧИ” -:-

Ўзбекистон чемпионати, Олий лига, 21-тур. 2010 йил 25 сентябрь (шанба), соат 18:00, "Хоразм" марказий стадиони, Урганч.

Davomini o'qing...
Milliy chempionat o`yinlari

Futbol bo’yicha O’zbekiston XIX-Milliy chempionati jadvali. Oliy liga. 12–turdan keyingi vaziyat.

Davomini o'qing...
So`rovnoma
O`zbekiston futbolu yaxshimi?
 
Mehmonlar


free counters

"УНИВЕРСАЛ" МУРАББИЙ, ёки Баҳром Ҳакимовнинг талабига биноан "Хоразм"да чиқарилган “антиқа” буйруқ ҳақида

altШу йилнинг 10 август куни мен Урганчда “Хоразм” бош мураббийи Баҳром Ҳакимовнинг талабига биноан чиқарилган “антиқа” бир буйруқ билан танишдим ва уни бажаришга маҳкум бўлдим. Ушбу хужжат билан танишгач, “Хоразм” бош мураббийи ва унинг талабига биноан мазкур хужжатни имзолаган ҳамда муҳрлаган раҳбарлари матбуот котибарига ва умуман матбуотга беписандлик билан қарашларига, ФИФА, ОФК, Ўзбекистон футбол федерацияси ва Профессионал футбол лигаси чиқарган регламент-у қоидаларини бир тийинга олмасликларига амин бўлдим. 

 Баҳром Ҳакимовнинг талаби бўйича чиқарилган “антиқа” буйруқ  

Ушбу буйруқ ҳақиқатдан ҳам “антиқа”. Ишонмасангиз, мазкур хужжат билан ўзингиз танишиб кўринг: қуйида унинг русча аслидан ўзбекчага таржимасини айнан келтираман. 

“40-К сонли БУЙРУҚ

“Хоразм” футбол клубининг оғир молиявий аҳволидан ҳамда клуб бош мураббийи Баҳром Ҳакимовнинг талабидан келиб чиққан ҳолда, клуб матбуот котиби Бобомурод Абдуллаевга “Хоразм” футбол клубининг уй ўйинларини кўриш, ўйинларда буклетлар чиқариш ҳамда ўйинлардан кейин матбуот анжуманларини ташкил қилиш учун Тошкент шаҳридан Урганч шаҳрига келмасликни БУЮРАМАН. Шунингдек, Бобомурод Абдуллаевга “Хоразм” футбол клубининг матбуот котиби сифатида фақат Тошкент шаҳрида ишлашни БУЮРАМАН.

“Хоразм” ФК директори Оллаберган МАТНИЁЗОВ. 2010 йил 10 август”

Бу борада ЎФФ ва ЎзПФЛ хужжатлари нима дейди? 

Ана энди футбол клубларида иш олиб бораётган матбуот котибларининг вазифалари ҳақида футболимизнинг расмий хужжатларида нима дейилгани билан танишамиз. Қуйида Ўзбекистон футбол федерацияси ва Профессионал футбол лигаси чиқарган “Футбол бўйича Ўзбекистон нохаваскор футбол клублари ўртасида 2010 йилги мусобақалар РЕГЛАМЕНТИ”нинг 2-сонли иловасини келтираман: 

“Футбол клубларига оммавий ахборот воситалари билан ишлаш борасида қўйилган талаблар: 

1. Ўз матбуот хизматига ҳамда доимий равишда янгиланиб борадиган веб-сайтига эга бўлиш. 

2. Клуб штатга киритилган ўз матбуот котибига эга бўлиши керак, бундай матбуот котиби профессионал футбол клубида расман қайд этилган бўлиши ҳамда клуб билан меҳнат шартномасига (контрактига) эга бўлиши керак. 

3. Клуб матбуот котиби ўз клуби ҳақида батафсил маълумотга эга бўлиши, ўйинлардан кейин матбуот анжуманлари ўтказиши, интервьюлар олиши ва Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси билан доимий алоқада бўлиши керак. 

4. Ўзбекистон Профессионал футбол лигасининг матбуот хизматини клубдаги охирги янгиликлар (трансфер янгиликлари, жамоа мураббийлари ва раҳбарияти ҳақидаги маълумотлар) билан таъминлаб бориш бўйича масъул шаҳс клуб матбуот котибидир.  

5. Футбол клублари ўз матбуот хизматлари томонидан веб-янгиликлар, ахборот бюллетенлари, мактублар ва ҳоказолар тариқасида тарқатилган маълумотлар бўйича масъулдирлар. 

6. Профессионал футбол клубларининг расмий веб-сайтлари 2010 йилнинг 1 мартигача Ўзбекистон Профессионал футбол лигасининг www.pfl.uz сайтининг гиперҳаволасида жойлаштирилган бўлишлари керак.” 

Зиддият ва ундан келиб чиқадиган саволлар 

Энди айтингчи, “Хоразм” уй учрашувларини Урганчда ўтказса-ю, Баҳром Ҳакимов талабига биноан чиқарилган буйруққа кўра, клуб матбуот котиби уй учрашувларига бора олмаса, юқорида келтирилган илованинг 3-чи бандини, яъни ўйинлардан кейин матбуот анжуманларини қандай ташкил қилиши мумкин?! Бундан ташқари, уй учрашувларига бормасадан туриб, ўйин ҳақидаги буклетларни, жамоалар таркибини ўйинларга ташриф буюрган журналистларга қандай етказиш мумкин?! Ўзбекистон Профессионал футбол лигасининг матбуот хизматини клубдаги охирги янгиликлар (трансфер янгиликлари, жамоа мураббийлари ва раҳбарияти ҳақидаги маълумотлар) билан таъминлаб боришнинг имкони борми?! 

“Хоразм” ФК бош мураббийнинг талабига биноан чиқарилган аксилрегламент буйруқдан қаттиқ таъсирланиб, юқоридаги саволлар билан Баҳром Ҳакимовга мурожаат қилганимда унинг жавоблари мени таажжублантирди. “Бу ерда сизнинг хизматингизга эҳтиёж йўқ! VIP-ложа аҳлига ва журналистларга бериладиган буклетларни ўзимиз сиссиз ҳам чиқараверамиз, жамоалар таркибини бу ердаги журналистларга менинг ўзим айтаман. Матбуот анжумани ташкил қилиш учун матбуот котибининг кераги ҳам йўқ, чунки журналистларнинг ўзлари келаверади ўша анжуманга. Газеталарнинг ва ПФЛнинг журналистларига эса жамоа ҳақидаги маълумотларни фақат менинг ўзим етказаман”, - деди Баҳром Ҳакимов. Унинг айтишича, футбол клубларига матбуот котибларининг умуман кераги йўқ эмиш, чунки матбуот котибларининг жамоа эришадиган натижага алоқалари йўқ эмиш. 

Қаранг: Ўзбекистон футбол федерацияси ва Профессионал футбол лигаси чиқарган “Футбол бўйича Ўзбекистон нохаваскор футбол клублари ўртасида 2010 йилги мусобақалар РЕГЛАМЕНТИ”нинг 2-сонли илованинг 3-чи ва 4-чи бандларида “Клуб матбуот котиби ўз клуби ҳақида батафсил маълумотга эга бўлиши, ўйинлардан кейин матбуот анжуманлари ўтказиши, интервьюлар олиши ва Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси билан доимий алоқада бўлиши керак” ва “Ўзбекистон Профессионал футбол лигасининг матбуот хизматини клубдаги охирги янгиликлар (трансфер янгиликлари, жамоа мураббийлари ва раҳбарияти ҳақидаги маълумотлар) билан таъминлаб бориш бўйича масъул шаҳс клуб матбуот котибидир”, - дейилган.  

Аммо Баҳром Ҳакимовнинг бу борадаги фикрлари умуман бошқача. Бу одам: “Матбуот котиби қилиши лозим бўлган ишлар ўз-ўзидан бўлиб кетаверади. Матбуот котиби қиладиган ишларни фақат бош мураббийнинг ўзи қилиши керак”, - деган фикрда.  

Ўзининг мана шу фикрлари билан “Хоразм”нинг янги бош мураббийи икки йил давомида ҳеч қаерда ишламаганини, катта ва профессионал футболдан ташқарида юрганини кўрсатиб қўйди. Дарҳақиқат, икки йил олдин Ўзбекистон футбол федерацияси профессионал клубларга матбуот котибларига эга бўлиш талабини қўймаганди. Ўшанда клубларимизнинг матбуот билан алоқалари хаотик ва тартибсиз равишда амалга ошириларди. Аммо ўтган йили ФИФА ва ОФК талабларидан келиб чиққан ҳолда ЎФФ профессионал футбол лигасини тузишга ва клубларга қатор профессионал талабларни қўйишга мажбур бўлди. Жумладан, матбуот хизматларини ташкил қилиш, матбуот котибларига эга бўлиш, футбол ўйинларидан кейин бош мураббийлар иштирокида матбуот анжуманлари ўтказиш шартларини қўйди. Аммо, икки йил катта ва профессионал футболдан четда юрган Баҳром Ҳакимовнинг бу янгиликлардан хабари йўқ, шекилли. Агар хабари бўлганида, ушбу мураббий “Хоразм” ФК директоридан юқоридаги буйруқни чиқаришни талаб қилармиди?! Ёки, аксинча, Ҳакимовнинг ЎФФ ва ЎзПФЛнинг янги талабларидан хабари бор-у, аммо у янги талабларни сариқ чақага ҳам олмайди, чоғи. Бошқа нима ҳам дейиш мумкин бу борада?! 

Профессионал футболга нисбатан илғор ва қолоқ қарашлар 

Шу йили ОФК Осиё чемпионлари лигасида иштирок қилган баъзи клубларни бир неча учрашувларга медиа-офицерсиз (оммавий ахборот вакилисиз) ташриф буюргани учун катта миқдорда жаримага тортди. Жумладан, ўзимизнинг “Пахтакор”ни ҳам. Нега ОФК уларни жарималади? Нима, ОФКга пул етишмаяптими?! Йўқ! Осиё футбол конфедерацияси шу санкциялар билан минтақадаги клубларни профессионаллик сари етакламоқда, уларга ОАВ билан ишлаш талабларини кундан-кунга кучайтириб бормоқда.  

Шу йилнинг июль-август ойиларида ОФКдан ташриф буюрган махсус комиссия юртимизнинг барча профессионал клубларини текширувдан ўтказди. Қарийб бир ой давомида Куала-Лумпурдан келган меҳмонлар клубларимизни ипидан игнасигача текширишди, - десак, муболаға бўлмайди. Хусусан, 4 август куни ушбу комиссия аъзолари Урганчга ташриф буюришган ва “Хоразм” клубидаги аҳвол билан танишишган. Ташриф давомида делегация аъзолари “Хоразм”да медиа тарафлама олиб борилаётган ишлар билан қизиқишган. Жумладан, футбол ўйинларидан олдин юқори мартабали меҳмонлар ва журналистлар учун чиқариладиган буклетларни сўрашган. Клуб раҳбарияти ҳамма учрашувларда чиқарилган буклетларни кўрсатган. Кейин меҳмонлар: “Клубингизнинг расмий веб-сайти борми?” – деб сўрашган. Шунда клуб раҳбарлари ижобий жавоб бериб, “Хоразм” ФКнинг расмий веб сайти адресини кўрсатишган. ОФК вакиллари дарров ўз ноутбуклари орқали клуб сайтига ташриф буюришган ва “Хоразм”нинг ўз веб сайти борлигига амин бўлишган. Кейинчалик малайзиялик меҳмонлар стадионнинг PRESS-ложасини ва матбуот анжуманлари ўтказиладиган залини кўздан кечиришган. Шу тариқа улар “Хоразм” матбуот хизматининг ишига яхши баҳо бериб кетишган. 

Мен бу фактни мақтаниш учун эмас, ОФК клубларга ОАВ борасидаги талабларни кундан-кунга кучайтираётганини кўрсатиш учунгина келтирдим. Қизиғи шунда-ки, ушбу текширувдан эсон-омон ўтиб олгач, “Хоразм”нинг Баҳром Ҳакимов томонидан бошқарилаётган раҳбарияти янги бош мураббийнинг талаби бўйича клуб матбуот котибини, яъни ОФК вакиллари мақтаб кетган ўша ишларни амалга ошириб келаётган одамни Урганчга келтирмаслик бўйича бир тўхтамга келишган. Дарвоқе, 4 август куни Урганчга ОФК вакиллари келганини мен 9 август куни Урганчда билдим: клуб раҳбарияти бу маълумотни мендан яшириб келган. “Хоразм” ФК раҳбарлари менинг меҳмонлар билан учрашишимни ҳохлашмаган, шекилли. Балки, улар: “Бобомурод Абдулла малайзияликлар билан учрашса, клуб ҳалигача унга расмий сайтни очишга сарфлаган пулларини бермай юрганини айтиб қўяди”, - деб чўчишгандир. Хулласи калом, “Хоразм”га янги бош мураббий келгач, клубда менга, менинг хизматларимга ва шаънимга нисбатан “янгича” муносабатлар бошланиб кетди. 

Энди профессионал футболга нисбатан илғор ва қолоқ қарашларга қайтсак. Шаҳсан мен ОФКнинг бундай талабларини ва текширувларини олқишлайман. Клубларимиз ушбу талабларни қанчалик мукаммал бажаришса, шунчалик даражада профессионаллик сари дадил ва тез одимлашади. Мана булар - профессионал футболга нисбатан илғор қарашлар. Бундай қарашлар ўйинларда қайд этиладиган ҳисоблардан, ютуқлардан, натижалардан эмас, балки клублар ва ОАВ ўртасидаги алоқаларни яхшилаш, шу йўл билан футболни оммавийлаштириш, стадионларга кўпроқ мухлисларни жалб қилиш каби чуқурроқ, донороқ ва узоқроқ мақсадлардан келиб чиқади.  

Баҳром Ҳакимовга ўхшаганларга қўйиб берсангиз борми, бундай кимсалар: “Нима? Буклет?! Натижага нима алоқаси бор буклетни?! Матбуот анжумани ўз-ўзидан бўлиб кетаверади! Веб сайтнинг эса клубга умуман кераги йўқ, чунки интернет сайтнинг ўйинда қайд этиладиган натижага сира ҳам ҳиссаси йўқ!” – деган эски ва қолоқ фикрларни билдиришади. Афсус-ки, бизда шундай қарашдаги мураббийлар бир ҳам эмас, кам ҳам эмас. Бундай нусхалар футболга фақат “кўтарма” ва мукофот пулларининг миқдоридан келиб чиқиб қарашади. 

Илғор қарашдаги мураббийлар янги клубга ишга келганларида клуб раҳбарияти олдига фақат ўзининг машғулотларига тааллуқли талабларни қўйишади, “матбуот котибини ўйинларга яқинлаштирманг”, - деган аҳмоқона талабларни қўйишмайди. Янги жамоага келасолиб, ҳали умрида бирон марта ҳам кўрмаган ва суҳбатлашмаган одам билан олишишмайди. Ёки сиз шундай мураббийни кўрганмисиз? Тасаввур қилинг: Жозе Моуриньо “Интер”дан “Реал”га келибоқ: “Так, биринчи талабим – клуб матбуот котиби “Сантьяго Бернабеу”га келмасин, уйида ишласин!” – деса-я! Ёки яқинда “Насаф”га келган Анатолий Демьяненко: “Ишни клуб матбуот котиблари Азиз Нурий ва Эркин Холбоболарни алмаштиришдан бошлайман!” – деб қолса-я! Тасаввурга сиғдириб бўлмайдиган ва кулгили ҳол. Лекин ана шу тасаввурга сиғдириб бўлмайдиган ва кулгили ҳол, “Хоразм” бош мураббийи Баҳром Ҳакимов учун нормал нарса, ҳаттоки оқил ечим.  

“Антиқа” буйруқнинг илдизлари 

Ушбу мақолани ўқиб, “Баҳром Ҳакимов ва Бобомурод Абдулла ўртасидан ола мушук ўтган-ов!” – деган ҳаёлга борган бўлишингиз мумкин. Янглишасиз: орамиздан ҳеч қандай ола мушук ўтмаган, чунки шундай жонзотнинг ўтиши учун икки киши камида 1-2 марта ўзаро суҳбатлашиши керак. Мен эса Баҳром Ҳакимов билан атиги бир марта суҳбатлашдим ҳолос. Ўшанда ҳам мен унинг олдига: “Нега менга Урганча келмасликни буюрдингиз?” – деган савол билан мурожаат қилдим. Яъни Ҳакимов ҳали мени кўрмасдан, мен билан суҳбатлашмасдан туриб, бояги буйруқни чиқаришни талаб қилган. 

“Хоразм”нинг янги бош мураббийи жамоага келиши биланоқ мен билан шуғуллана бошлаганининг асл илдизлари бошқа жойда. Маълум-ки, шу йилнинг 13 июнь куни мен “Хоразм” ФКнинг расмий сайтида “Ҳайдалганлар “Хоразм”га қатарилармиш...” сарлавҳали хабарни жойлаштириб, унда қўпол ва шубҳали хатолари учун “Хоразм”дан четлатилган баъзи футболчилар менга қўнғироқ қилиб: “Биринчи даврадан кейин “Хоразм”га янги бош мураббий келади, у бизнинг одам бўлади. Ўша янги бош мураббий бизни “Хоразм”га қайтаради. Шунда кўрстаиб қўямиз сизга интернетга мақола ёзишни!” – қабилидаги дўқ-пўписалар қилгани тўғрисида ёзгандим. Мана ўша материалдан парча:  

“Менга телефон қилган ўша футболчилар “Хоразм”га бош мураббий қилиб яқин орада тайинланадиган кишининг номини ошкор қилмаган бўлсалар ҳам, “Янги бош мураббий – бизнинг одам, у бизни “Хоразм”га қайтаради, шунда кўрамиз аҳволингизни!” - дейишдан чарчашмади.   

Вали Султоновнинг ўрнига ким бош мураббий бўларкан? Агар шу гап рост бўлса, янги тайинланадиган бош мураббий ростдан ҳам яқинда жамоадан ҳайдалган футболчиларнинг одамимикан? У ростдан ҳам “Хоразм”дан ҳайдалганларни жамоага қайтарармикан? Қайси юз билан уларни “Хоразм”га қайтараркан? Қатор ўйинларда кўплаб қўпол ва шубҳали хатоларга йўл қўйган ушбу футболчиларнинг қайси “хислатлари” эвазига қайтараркан?”  

Энди маълум бўлди-ки, “ҳайдалганлар” шаъма қилган ўша мураббий Баҳром Ҳакимов экан. Чунки Баҳром Ҳакимов “Хоразм”га келгач, жамоадан четлатилган ҳимоячи Даврон Файзиевни яна Урганчга қайтарди. Ушбу футболчини жамоадан четлатиш ҳақида олдинги мураббийлар штаби ва клуб раҳбарияти чиқарган қарор-у буйруқларга Баҳром Ҳакимов қия кўзи билан ҳам қарамади. Ҳакимовнинг ёқимтой ҳимоячиси эса “Хоразм”га қайтишини шу йилнинг 14 август куни Қаршида “Насаф”га қарши ўтган ўйинда нишонлади. 

Нишонлаганда ҳам рақиб сафида ҳаракат қилган (дарвоқе, “Хоразм”дан ҳайдалган яна бир футболчи) Зафар Холмуродовга оширган “суперпаси” билан нишонлади. Зафарга ўзининг шериклари ҳам шунчалик аниқ ва қулай тўп ошира олмаётганди. Қаршиликлар эплаёлмаётган бу “машаққат”ни Даврон Файзиев эплади ва яна “Хоразм” рақибларининг жонига ора кирди. Чунки ундан келган “суперпас”ни олиб, Холмуродов урганчликлар дарвозасини қийинчиликсиз ишғол қилди. Қизиғи шундаки, ушбу “яримавтогол” учун Файзиевга ҳамма эътироз билдирса ҳам, жонажон мураббийи Баҳром Ҳакимов эътироз билдирмади. Чунки Ҳакимов ва Файзиевларнинг тили бир, уларнинг футболга бўлган қарашлари бир, фикрлари бир!  

Хулласи калом, юқоридаги хабар ва мақолаларим туфайли мен Баҳром Ҳакимов ёқимтойларининг “дилини оғритиб” қўйдим. Яъни мен уларнинг жамоага қайтарилишини сал қийинлаштирдим: Баҳром Ҳакимовнинг ёқимтойларини омма, мухлислар, уларнинг фикри, онгида ёқимсиз қилиб қўйдим. Шу сабабдан “ёқимтойлар” Ҳакимов ҳали Урганчга келишидан анча олдин “Хоразм”да энг аввало кимни йўқотишни ўз устозига уқитишган кўринади. Акс ҳолда, бир одам иккинчисини ҳали кўрмасдан, танимасдан туриб, ёмон кўриши мумкинми. Акс холда, клубга янги келган бош мураббий асосий “хужум”ни ҳали танимаган ва кўрмаган журналистга қарши уюштирадими?!  

Шу тариқа Баҳром Ҳакимов “Хоразм”га келгач, дарров мени клубдан четлатиш ишларига киришиб кетди. Бу борада у менинг инсоний қадр-қимматимга тегадиган ишларни ҳам қилиб улгурди. Хуллас, янги мураббий ўзи билан бирга менга, менинг хизматларимга ва шаънимга нисбатан янги муносабатларни ҳам олиб келди.  

Пасткашлик, ёки Баҳром Ҳакимов билан илк учрашув  

9 август куни мен Урганчда “Хоразм” ФКнинг ошхонасида клубнинг бош бухгалтери Зарифбой Аҳмедов, кадрлар бўлими бошлиғи Ойсулу Юсупова ва компьютер оператори Жўрабек Аҳмедов билан бирга кундузги нонуштага ўтиргандим. Энди овқатга қўлимни чўзаётгандим, ёнимга жамоа массажчиларидан бири Валерий Юсупов келиб: “Баҳром Ҳакимов сизга ошхонага киришни ва бу ерда овқатланишни таъқиқлаяпти. Илтимос, бу ердан чиқиб кетинг!” – деди ва янги бош мураббий нега бу нарсани талаб қилаётганини билмаслигини айтди. Энди ошпазлар, официантлар ва бояги ходимлар олдида қандай руҳий аҳволга тушганимни тасаввур қилаверинг! 

Ошхонадан чиқиб, тўғри Ҳакимовнинг олдига келдим ва ундан бу ҳолни тушунтиришни талаб қилдим. “Ошхонада фақат футболчилар, массажчилар ва мураббийлар овқаталанишади!” – деди Баҳром Ҳакимов. Бу унинг менга айтган илк сўзлари эди, чунки бундан олдин мен у билан кўришмагандим ва гаплашмагандим. “Ие, клуб бухгалтери, кадрлар бўлимининг бошлиғи ва компьютер оператори ҳам футболчилар, массажчилар, мураббийлар сирасига кирадими?” – деб сўрадим. Шунда Ҳакимов: “Улар билан ишингиз бўлмасин! Сиз бу ерда овқатлансангиз, бошқаларга овқат ва гўшт қолмайди” – деб, кулишга, мени масхаралашга, сенсирашга ўтди ва очиқчасига: “Сени кўришга кўзим йўқ. Умуман, нафақат ошхонага, балки клуб офисига ҳам, базасига ҳам, стадионига ҳам оёғингни босма!” – деди. Эртаси куни эса бу жаноб ўзининг “антиқа” буйруғини чиқартирди.  

Баҳром Ҳакимов “Хоразм” бош мураббийими ёки ошхонасининг мудирими? 

Баҳром Ҳакимов барчага: “Мен фақат ўз ишимни, мураббийлигимни қиламан. “Хоразм”нинг олдинги бош мураббийи Вали Султоновга ўхшаб, пул ва хўжалик ишларига умуман аралашмайман”, - дейишни ёқтиради. Аммо юқорида келтирилган воқеадан сўнг мен унинг гаплари ёлғон эканлигига ўзим амин бўлдим. Яъни, бу борада Баҳром Ҳакимовнинг Вали Султоновдан ҳеч ҳам фарқи йўқлигига, қўқонлик мураббий ҳам хоразмлик мураббий сингари мураббийликдан ташқаридаги хужалик, ошпазлик ва кирим-чиқим ишларига аралашишини ўз кўзим билан кўрдим. Тўғриси, Баҳром Ҳакимов мени клуб ошхонасидан ҳайдаб чиқараётганда футболчиларни шуғуллантирадиган мутахассисга эмас, балки ошпаз ва официантларни югуртирадиган мудирларга, “завзал”ларга, “завхоз”ларга ўхшаб кетди. Гапнинг қисқаси – Бахром Ҳакимов мураббийлик ҳам, журналистлик ҳам, ошпазлик ҳам, “завзал”лик ҳам, мудирлик ҳам, директорлик ҳам қила оладиган, умумлаштириб айтганда, ҳамма ишни эплай оладиган универсал одам, "универсал" мураббий чиқиб қолди!  

"Универсал" мураббий Урганчга қаердан келди? 

Ушбу саволга дарров жавоб бериб қўя қолай – Баҳром Ҳакимов Урганчга ўз она юрти Қўқондан эмас, балки Қаршидан келди. Шу йилнинг июнь ойида бу жаноб Қашқадарё вилояти мутасаддилари олдига иш сўраб борганида, уларнинг суҳбатларидан ўтаётганда мен Қарши шаҳрида эдим. Ўша пайти у Қашқадарё раҳбарларидан иш сўраб боргани аниқ, фақат айнан “Хоразм”ни сўраб борганми ёки Қашқадарё жамоаларидан бирини сўраб борганми, менга қоронғу. Хулласи калом, Қаршидаги суҳбатлардан сўнг Баҳром Ҳакимовга Урганчга “путёвка” берилди. Хоразм раҳбарлари ҳам икки йил ҳеч қаерда ишламаган ушбу мураббийни негадир бажонидил қабул қилишди ва дарров “Хоразм”га бош мураббий этиб тайинлашди. 

Манзарани қаранг: Хоразм вилояти бош жамоасига бош мураббийини Хоразм вилоятидагилар эмас, Қашқадарё вилоятидагилар топишади ва юборишади! Хоразмликлар эса ишсиз юриб-юриб, Қаршига иш сўраб борганларга Урганчда иш топиб беришади, дарров бош мураббий қилиб тайинлашади! Хоразмлик “ёшулли”ларнинг ғурури йўқми? Ёки бу нарса икки вилоят мутасаддилари ўртасидаги ҳамкорликнинг оқибатими? Ёки Қашқадарё ва Хоразм вилоятлари бирлаштирилиб, бирлашган вилоятнинг маъмурий маркази қилиб Қарши шаҳри белгиландими? 

Ўғлини олиб юрадиган мураббий 

Қаршидан Урганчга келгач, яъни “Хоразм” бош мураббийи бўлиб олгач, Баҳром Ҳакимов ҳар галгидек жамоага ўз ўғли Рустамни олиб келди. Ваҳолан-ки, Рустам Ҳакимов ўз отаси каби охирги икки йил давомида катта ва профессионал футболдан ташқарида юрган. Лекин ўғлининг футбол амалиётига эга эмаслиги Баҳром Ҳакимовни умуман ҳижолатга солмади – ота андиша ва уятни бир четга суриб қўйиб, ўғлини Урганчга олиб келди ва дарров “Хоразм”нинг асосий асосий таркибидан жой ҳам берди. Хулласи калом,  универсал одам “Хоразм”га келиши биланоқ, жамоага универсал ўғлини олиб келди! 

Шу йил 1 август куни Тошкентда бўлиб ўтган “Бунёдкор”-“Хоразм” ўйинидан кейин ўтказилган матбуот анжуманида журналистлар Баҳром Ҳакимовга бу хусусда мурожаат қилишганда, Ҳакимов: “Мен “Хоразм”га олиб келган футболчилар олдин катта футболдан ташқарида юрган бўлишса ҳам, жамоага фақат ойлик ва мукофот пуллари олиб ўйнашга келишди. Уларнинг биронтасига “кўтарма” пуллари берилмайди. Мен янги футболчиларни “Хоразм”нинг ҳозирги оғир молиявий аҳволидан келиб чиқиб олиб келдим”, - деб жавоб берди.  Шу ерда жаноб Ҳакимов қалам аҳлини алдади, чунки “Хоразм”га Баҳром Ҳакимов олиб келган янги футболчиларнинг деярли барчасига “кўтарма” пуллари берилиши уларнинг шартномасида ёзилган. Жумладан, унинг ўғли Рустам Ҳакимовга 10 (ўн) миллион сўм миқдорида “кўтарма” берилиши қайд этилган.  

Агар Баҳром Ҳакимов ўз ишига инсоф, ҳалоллик ва профессионаллик билан ёндашганда, “Хоразм”га икки йил давомида ҳеч қаерда ўйнамаган ўғлини олиб келиб, унга 10 миллион сўм бергандан кўра, шу пулни, масалан, биринчи давра мобайнида “Хоразм” ҳимоясини “бетонлаштириб” турган грузиялик футболчи Михаил Махвиладзега берарди. Ана шу бечора легионер ўз “кўтарма” пулларидан айнан 10 миллион сўмни ололмай кетиб қолганди. Баҳром Ҳакимовнинг биринчи лигадан келган “ёқимтойлари”га ҳам камида 5-6 миллион сўмдан “кўтарма” пуллари ёзилган. Аммо ишлар шундай бўлса ҳам, жаноб Ҳакимов журналистларга “Хоразм”нинг оғир молиявий аҳволидан келиб чиқиб ишлаётгани ҳақидаги сафсаталарни гапиради. Одамга сал уят ҳам керак, Баҳром ака! 

Ёки Даврон Файзиевнинг “Хоразм”га қайтарилишини олайлик. Давралар оралиғидаги икки ойлик машғулотларда Файзиев қатнашмади. Лекин шунга қарамай Ҳакимов Давронни жамоага қайтарди ва “Насаф” билан ўйинда асосий таркибда майдонга ҳам туширди. Бунинг натижаси нима бўлганини, юқорида ёздим. 21 август куни Урганчда бўлиб ўтган “Хоразм”-“Локомотив” учрашувида универсал мураббий ушбу ҳимоячини энди заҳирадан майдонга туширган. Даврон Файзиев майдонга тушишга ҳозирланаётганда стадиондаги мухлислар Баҳром Ҳакимовдан бу футболчини ўйинга туширмасликни талаб қилишган, у майдонга тушса, “кўринар-кўринмас бало” ва “касофат” юз беришини айтишган. Лекин Баҳром Ҳакимов пинагини ҳам бузмаган ва Файзиевни яна майдонга туширган. “Хоразм”-“Локомотив” жамоалари ўртасида бўлиб ўтган ана шу учрашувнинг тугашига атиги 10-15 дақиқа қолганда майдонга тушган Даврон Файзиев ўйинга тушиши билан ўз, яъни “Хоразм” жарима майдонида ҳаводан келаётган тўпга боши билан эмас, волейболчиларга хос равишда қўли билан пешвоз чиққан. Бу вазиятдан ўтакалари ёрилай деган “Хоразм” жамоаси футболчиларининг ва хоразмлик мухлисларнинг бахтига тўп Давроннинг қўлига тегмасдан ўтиб кетган. “Катта тажриба ва маҳорат эгаси” бўлмиш Файзиев ушбу жамоаларнинг биринчи даврада Тошкентда бўлиб ўтган учрашувидаги “қилиғини”, яъни ўз жарима майдонида “волейбол” ўйнаб, “Локомотив” фойдасига пенальти ишлаб беришни қумсаб қолган, шекилли. Акс ҳолда, у ҳаводан келаётган тўпга ўз жарима майдонида қўлини чўзармиди?! 

Аммо Даврон Файзиевнинг бу “қилиқлари” ҳаммани ташвишга солса ҳам, “Хоразм” бош мураббийи Баҳром Ҳакимовни ташвишга солмайди. Чунки, юқорида айтганимдек, Ҳакимов ва Файзиевларнинг футболга нисбатан қарашлари ўхшаш. Файзиев Ҳакимовнинг мураббийлик тажрибасини қадрласа, Ҳакимов ўз навбатида Файзиевнинг футболчилик тажрибасини қадрлайди.  

Нима эмиш, Файзиевдек тажрибали ҳимоячини топиш қийин эмиш. Махвиладзеда тажриба йўқми?! Нега у жамоада олиб қолинмади? Ёки Рустам Ҳакимов Михаил Махвиладзедан тажрибалироқми?! Ҳакимовнинг ёқимтойлари уйида ухлаб ётган жойларидан келиб ҳам майдонга тушаверишади. Ахир, Баҳром Ҳакимов айтганидек, уларда тажриба бор-ку! Ундай бўлса, “Хоразм”га тажрибали футболчиларимиздан Биродар ака Абдураимовни ҳам жалб қилайлик! У кишининг тажрибаси олдида Файзиевнинг тажрибаси нима бўлибди?! 

Баҳром Ҳакимов Файзиевни жамоага нима сабабдан қайтарганини мен яхши биламан. Бу ерда гап футболчининг бой тажрибасида ҳам, маҳоратида ҳам эмас. Сабаби оддий – Даврон Файзиев “Хоразм”дан олган “кўтарма” пулларининг ярмини клубга қайтариб бергандан кўра, жамоага қайтишни, ора-сира майдонга тушишни ва шу йўл билан “кўтарма” пулларининг ҳаммасини ўзида қолдиришни афзал билган. Баҳром Ҳакимов эса бу ишда, яъни “кўтарма”нинг ярмини қайтармаслик операцияси”да Файзиевга ёрдам қўлини чўзган холос! Ҳакимов ҳам бекорга чўзмагандир ёрдам қўлини... 

Ёки бошқа мисол. “Хоразм”да йил бошидан бери Валерий Юсупов деган массажчи ишлаб келмоқда. Лекин шунга қарамай, Баҳром Ҳакимов ўзи билан бирга жамоага иккинчи массажчини ҳам олиб келди. Янги массажчи ҳам Баҳром Ҳакимов каби водийдан. Шуми Баҳром Ҳакимовнинг “Хоразм”нинг оғир молиявий аҳволидан келиб чиқиб ишлаши?! Нима кераги борди иккинчи массажчининг?! Баҳром Ҳакимов клуб матбуот котибининг Тошкентдан Урганчга келиб кетишига, базада яшаб, овқатланишига қийналади-ю, иккинчи массажчига “кўтарма”, ойлик, мукофот ва овқат топишга қийналмайди. Оддий арифметика: “Хоразм”нинг иккинчи даврадаги барча 7 (етти) уй учрашувига поездда бориб, хизмат қилиб қайтишим кўпи билан 200 минг сўмдан жами таҳминан 1 миллион 400 минг сўмга тушаркан. Мавсум охиригача! Аммо янги массажчининг мавсум охиригача ойлик ва мукофот олиб ишлаши “Хоразм”га салкам 4-5 миллионга сўмга тушаркан. Шуми Баҳром Ҳакимовнинг тежамкорлиги, “Хоразм”нинг оғир молиявий аҳволидан келиб чиқиб ишлаши”?! Сал виждон ҳам керак, Баҳром ака! 

Инсофсиз мураббийлар ҳақида афсоналар 

Футбол тарихида инсофсиз мураббийлар кўп бўлган экан. Улар ҳақида турли миш-миш-у афсоналар юради. Бу афсоналарнинг ёнида Баҳром Ҳакимовнинг “Хоразм”даги қилиқлари “ерунда” бўлиб қолади. Мана, ўқинг-у ўзингиз хулоса чиқараверинг. 

Қадим-қадим замонда узоқ-узоқ томонда жуда инсофсиз бир футбол мураббийи бўлган экан. У шу даражада юзсиз эканки, қайси жамоага борса, ўзининг уруғ-аймоғи билан бораркан: бири ошпаз, бири официант, яна бири омборчи. Ҳаттоки фаррошларни ҳам ўзининг қариндошларидан тайинларкан. Бу ҳам етмагандек, футболчилар билан машғулотлар ўтказгандан кўра, хўжалик ишларини қилишга, бозор-ўчоқ қилишга, банкка чопишга ва мириқиб овқатланишга ишқибоз экан. Кўп овқатланаверганидан қоринлари чиқиб, думбалари осилиб, мураббийлардан кўра полвонларга, янада аниқроғи, япон сумочиларига ўхшаб кетган экан. Шунинг учун ҳам унинг футболчилар орасидаги лақаби “Сумочи” экан. Ушбу мураббий анча ёш бўлишига қарамай фирибгарлик ва товламачиликда кекса ва фаҳрий фирибгарлардан анча илгарилаб кетган экан. “Сумочи” ўз жамоасининг футболчилари ўртасида: “Фалончи сен ҳақингда фалон деди. Пистиёнчи бундоқ деди”, - деб, гап ташиб, футболчиларни бир-бири билан уриштириб, жамоани ичидан бузиб, пароканда футболчиларни мазза қилиб бошқаракан ва ўз ноғорасига ўйнатаркан. “Сумочи”нинг муттаҳамликлари ҳалигача футбол доираларининг оғзида достон эмиш... 

Яна ўша қадим-қадим замонда, аммо тамоман тескари томонда бошқа бир ноинсоф мураббий яшаб ўтган экан. Унинг юзи қоп-қоралигидан футболчилар ўз мураббийига “Қумғон”, - деб лақаб қўйишган экан. “Қумғон” бир пайтлар юрт лашкарбошиси тузган жамоа “ЛФК”га (“Лашкарлар футбол клуби”га) устозлик қилган экан. Бу жамоага мураббийлик қилганида “Қумғон” ҳақиқий жандармга айланиб улгурибди. У “ЛФК”га гол урган рақиб футболчиларини жазолашнинг антиқа йўлини ўйлаб топибди: “Қумғон” бундай голеадорлар ҳақида нақд лашкарбошининг ўзига шикоят қилиб, рақиб голеадорларини ўйиннинг эртаси куни ҳарбий хизматга, яъни “стройбат”га юбортираркан. Бир гал рақиб дарвозасига пенальти қўймаган ҳакамлар бригадаси ҳам “Қумғон” ташаббуси билан бир ой давомида ҳарбий ҳизматда бўлиб, жазирама иссиқда траншея қазиган экан. “Қумғон” шундай қилавергач, ҳамма “Қумғондан” ҳам, “ЛФК”дан ҳам қўрқиб қолибди. Бу жамоани ютиш тугул, унинг дарвозасига гол уришга ва хужум қилишга ҳам қўрқиб қолишибди. Шу тариқа “Қумғон” лақабли ўша мураббий “ЛФК”ни бир неча маротаба юрт чемпиони қилибди. 

Э-ҳе, нимасини айтасиз?! Гапирса гап кўп... Мақола мавзусига қайтайлик. 

“Антиқа” буйруқнинг мевалари 

“Хоразм” бош мураббийи Баҳром Ҳакимовнинг талабига биноан шу йилнинг 10 августида чиқарилган “антиқа” буйруқ ўз “мевалари”ни бера бошлабди. 21 август куни Урганчда бўлиб ўтган “Хоразм”-“Локомотив” учрашувига мезбонлар матбуот котиби келмаганлиги сабабли “Хоразм” футбол клуби раҳбарияти ушбу ўйин ҳақидаги буклетни чиқармаган, учрашувга келган маҳаллий журналистлар жамоаларнинг якуний таркибини ўйин қайдномаси тузиладиган хонага кириб, учрашув назоратчисининг дафтаридан кўчириб чиқишган ва ҳоказо. Баҳром Ҳакимовнинг менга нисбатан шаҳсий ва ўринсиз адоватининг илк “ҳосиллари” шулар ҳозирча! 

Қизиқ: ушбу вазиятда ЎФФ ва ЎзПФЛ Баҳром Ҳакимовни ва “Хоразм” ФК раҳбариятини  “Футбол бўйича Ўзбекистон нохаваскор футбол клублари ўртасида 2010 йилги мусобақалар РЕГЛАМЕНТИ”га зид буйруқ чиқаргани учун жазолайдими-йўқми? Ёки ушбу икки идора вакиллари: “Ҳа, энди бош мураббий нима қилса қилади-да”, - деб, ўтираверишадими? Ушбу ҳолга футболимиз мутасаддилари бефарқлик билан қараб, регламентга зид буйруқни чиқарганларни жазосиз қолдиришса, бундай буйруқлар ва буйруқ чиқарувчилар гўнг атрофига зудлик билан йиғилувчи хашаротларга ўхшаб кўпайиб кетишмайдими?!  

Мен эса “Хоразм”да бўлаётган бошқа ишлар ҳақида ҳам мақолалар ёзишга қарор қилдим. Худо хоҳласа, кейинги мақоламда нега “Хоразм” биринчи давра ўйинларини ўта бўш ўтказганини таҳлил қилишга ҳаракат қиламан. Хусусан, бу йилги чемпионатнинг биринчи даврасида Бекобод шаҳрида бўлиб ўтган “Металлург”-“Хоразм” учрашуви нега мезбонлар фойдасига 3:1 ҳисобида тугагани, ана шу ўйиндан олдинги “установка” пайти ечиниш хонасида “Хоразм” футболчилари ва шу пайтдаги бош мураббий Вали Султонов ўртасида қандай келишмовчилик юзага келганига ҳам тўхталаман. Жуда қизиқ нарсалар рўй берган ўшанда... Бундан ташқари, яқинда Урганчда бўлиб ўтиши кутилаётган “Хоразм”-“Металлург” учрашувида нега айнан урганчликлар ғалаба қозониши ҳақида ҳам ёзишни қаттиқ ният қилганман. Мен башоратчи эмасман-у, бироқ ушбу учрашувда “Хоразм” ғалаба қозонади. Мана кўрасиз... Аммо булар ҳақида кейинги мақоламда. Ишқилиб, давоми бор...  

Бобомурод АБДУЛЛА