“Пахтакор” футбол клуби ЎФФни ва ЎзПФЛни писанд қилмайдими?
Шу йил 18
сентябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган “Пахтакор”-“Хоразм” учрашувидан сўнг
“Пахтакор” марказий стадионининг матбуот анжуманлари хонаси олдида содир бўлган
бир воқеадан кейин менда ушбу мақоланинг сарлавҳасига чиқарилган савол туғилди.
Гап шундаки, мазкур учрашувдан кейин мен икки жамоа бош мураббийлари иштирокида
ўтказиладиган матбуот анжуманида қатнашиш мақсадида “Пахтакор” марказий
стадионининг матбуот анжуманлари хонасига йўл олдим. Аммо менга ушбу тадбирда
иштирок қилиш насиб этмади, чунки “Пахтакор” футбол клуби матбуот хизматининг
раҳбари Мирзаҳаким Тўхтамирзаев мени матбуот анжуманлари хонасига киритмади.
Матбуот анжуманлари хонаси эшигининг олдида Мирзаҳаким Тўхтамирзаев менинг йўлимни тўсиб, шундай деди: “Бобомурод, “Пахтакор” футбол клуби раҳбарияти Сизни стадионимизда ўтказиладиган матбуот анжуманларига киритмаслик ҳақида қарор чиқарган. Шу боис мен мазкур қарорни бажаришга ва Сизни ушбу матбуот анжуманига қўймасликка мажбурман”, - деди. Мен ва “Пахтакор” матбуот хизмати раҳбари ўртасида бўлиб ўтган суҳбатнинг давомини диалог тарзида қуйида келтираман:
Мен: - “Пахтакор” раҳбарияти нега шундай қарор чиқарганини билсам бўладими?
Мирзаҳаким Тўхтамирзаев: - Чунки мен ушбу ўйиндан олдин “Хоразм” жамоасининг бош мураббийи Вали Султоновдан: “Бобомурод Абдуллаев ҳозир ҳам “Хоразм” футбол клубида матбуот котиби бўлиб ишлаяптими?” – деб сўрагандим. Шунда Вали Султонов менга: “Йўқ, Бобомурод Абдуллаев бизда ишламаяпти, у ишдан бўшатилган”, - деб жавоб берди. Так что, “Хоразм” футбол клубига энди алоқангиз йўқлиги сабабли Сизни матбуот анжуманига қўя олмайман.
Мен: - Агар Вали Султонов шундай деган бўлса, у ёлғон гапирибди, чунки мен ҳали ҳам “Хоразм” футбол клубининг матбуот котиби лавозимида ишлаяпман, мени ҳеч ким ишдан бўшатгани йўқ. Мана гувоҳномам ҳам ўзимда, ишонмасангиз. (Шу пайт мен гапларимнинг исботи тариқасида Мирзаҳаким Тўхтамирзаевга “Хоразм” футбол клубининг матбуот котиби лавозимида ишлаётганимни тасдиқловчи расмий гувоҳномамни кўрсатдим. “Хоразм” ФК ва ЎзПФЛ муҳрлари урилган мазкур гувоҳноманинг сканернусхасини исботталаб кимсалар учун қуйида келтиряпман)

Мирзаҳаким Тўхтамирзаев: - Энди, бунисини билмадим. Мен Сизга эмас, Вали Султоновга ишонаман.
Мен: - Майли, ҳозир Вали Султонов шу ерга келади, ундан сўраймиз.
Сал вақтдан кейин матбуот анжуманлари хонасининг олдида “Хоразм” бош мураббийи Вали Султонов пайдо бўлди. Мирзаҳаким Тўхтамирзаев унга юзланиб: “Вали ака, ҳозир Бобомурод сизларда матбуот котиби бўлиб ишламаяпти, тўғрими?” – деди. Аммо Вали Султонов: “Мен билмайман, буни клубимиз директоридан сўранг”, - деди. Шундан сўнг мен ва Мирзаҳаким Тўхтамирзаев ўртасидаги суҳбат давом этди.
Мен: - Мирзаҳаким ака, Вали Султонов бошқача жавоб берди-ку! Нега ёлғон гапирасиз?
Мирзаҳаким Тўхтамирзаев: - Ўйиндан олдин у менга: “Бобомурод ишдан бўшатилган”, - деганди. Ҳозир Вали Султонов ўша гапидан тонди.
Мен: - Энди, бунисини билмадим. Мен Сизга эмас, Вали Султоновга ишонаман.
Мирзаҳаким Тўхтамирзаев: - Бобомурод, мен барибир Сизни матбуот анжуманига қўймайман. Ҳатто “Хоразм”да ишлаётган бўлсангиз ҳам, қўймайман.
Мен: - Нега?
Мирзаҳаким Тўхтамирзаев: - Боя айтдим-ку, “Пахтакор” футбол клубининг хоҳиш-истаги шунақа. Раҳбариятимиз хоҳламаяпти бу ерга келишингизни.
Мен: - Нега хоҳламаяпти?
Мирзаҳаким Тўхтамирзаев: - Чунки Сиз ўтган йили “Чемпион” газетаси орқали “Пахтакор” футбол клуби шаънига туҳматлар ёғдиргансиз.
Мен: - Ҳа, гап бу ёқда, - денг! Ўтган йили “Чемпион” газетаси орқали “Пахтакор” футбол клуби шаънига туҳматлар ёғдирган бўлсам, нега клубингиз мени дарров судга бермади?!
Мирзаҳаким Тўхтамирзаев: - Биз Сизни судга бериб, паст кетмаймиз!
Мен: - Ие, ҳозир мени ўз клубим иштирокидаги ўйиннинг матбуот анжуманига қўймай, паст кетмаяпсизми?! Нега икки хил гапирасиз?! Олдинига “Хоразм”дан бўшатилганингиз учун матбуот анжуманига қўймайман”, - дедингиз. Энди эса: “Ўтган йили “Пахтакор”га туҳмат қилганингиз учун қўймайман”, - деяпсиз. Дарров айтмайсизми: “Менинг ва клубимизнинг Сизда бир йиллик адоватимиз борлиги сабабли Сизни матбуот анжуманига қўймаймиз”, - деб?!
Мирзаҳаким Тўхтамирзаев: - Шаҳсан менинг сизда адоватим йўқ. Яна қайтариб айтаман: сизни бу ерга қўйишни таъқиқлаган, аккредитациянгизни бекор қилган мен эмас, “Пахтакор” клуби раҳбарияти. Мен клуб раҳбариятининг талабини бажаряпман холос.
Мен: - Ие, менга бу йилги Ўзбекистон чемпионати ва Кубоги ўйинларига кириш ва ўйинлардан кейинги матбуот анжуманларида иштирок қилиш ҳуқуқини берувчи аккредитацияни “Пахтакор” футбол клуби эмас, Ўзбекистон футбол федерацияси ва Профессионал футбол лигаси берган-ку! Ёки ЎФФнинг ва ЎзПФЛнинг берган хужжати “Пахтакор” клубига ва стадионига ўтмайдими?! (Шу пайт мен гапларимнинг исботи тариқасида менга ЎФФ ва ЎзПФЛ томонидан берилган аккредитация карточкасини кўрсатдим. Ушбу хужжатнинг сканернусхасини исботталаб кимсалар учун қуйида келтиряпман)

Мирзаҳаким Тўхтамирзаев: - Ҳа, бу хужжатингиз “Пахтакор” стадионида ўтказиладиган ўйинларга ўтмайди, чунки “Пахтакор” раҳбарияти Сизнинг аккредитациянгизни бекор қилган.
Мен: - Нима деяпсиз?! Қандай қилиб “Пахтакор” клуби ЎФФ ва ЎзПФЛ берган аккредитацияини бекор қилиши мумкин?!
Мирзаҳаким Тўхтамирзаев: - Шундай қилиб бекор қилиши мумкин.
Мен: - Ундай бўладиган бўлса, мен бу гапингизни матбуот анжуманига тўпланган ҳамкабларимизга етказаман.
Мирзаҳаким Тўхтамирзаев: - Бемалол. Буни журналистларга ўзим ҳам эълон қилишим мумкин. (Матбуот анжуманлари хонасига кириб ҳамда журналистларга юзланиб) Ҳурматли журналистлар! “Пахтакор” футбол клуби раҳбарияти журналист Бобомурод Абдуллага “Пахтакор” марказий стадионида ўтказиладиган матбуот анжуманларига киришни таъқиқлаган ва унга ЎФФ ҳамда ЎзПФЛ томонидан берилган аккредитацияни бекор қилган. Шу боис Бобомурод Абдулла бугунги матбуот анжуманига қўйилмайди.
“Пахтакор” матбуот хизматининг раҳбари айтган ушбу сўзларни журналистлардан Умид Алимов (“Моҳият” газетасидан), Абдулла Нурмонов (“Машъал” радиоканалидан), Фарруҳ (“Спорт” телеканалидан) ва яна бир қатор менга нотаниш кишилар эшитишди. Шундан сўнг Мирзаҳаким Тўхтамирзаев яна коридорга чиқди ва “Пахтакор” стадиони ходимларига мени стадиондан чиқаришни буюрди. Стадиондан чиқаётганимда эса менга нотаниш бўлган 3-4 киши (афтидан, “Пахтакор” клуби ходимлари ёки тарафдорлари бўлишса керак) вилоятда туғилганимни юзимга солиб, менга ҳақорат ва маҳаллийчилик сўзларини айтишди. Шу тариқа мен ўз клубим “Хоразм” иштирокидаги ўйиннинг матбуот анжуманига кира олмай, яъни профессионал мажбуриятларимни бажара олмай уйга қайтишга мажбур бўлдим.
Бўлиб ўтган воқеани “Пахтакор” футбол клубининг матбуот хизмати ўз расмий сайтида “Равшан Ҳайдаров: "Ибрагимов Аҳмедовга ўйин бермади, лекин бутун жамоага эмас", деган сарлавҳали хабарда (http://www.pakhtakor.uz/uz/news/article/ravshan-aidarov-ibragimov-amedovga-uiin-bermadi-le/) тасдиқлаб: “P.S. Ўйиндан кейинги матбуот анжуманига кириш истагида бўлган журналист Бобомурод Абдулланинг анжуманга киришига жамоа матбуот хизмати раҳбари рухсат бермади. Бунга журналистнинг айни пайтда "Хоразм" футбол клубида ишламаётгани (бу маълумотни жамоа аъзолари тасдиқлашди) ва ўтган йили "Пахтакор" шаънига туҳмат қилгани сабаб бўлди”, - деб ёзган.
Ушбу ёқимсиз воқеадан сўнг менда шундай саволлар туғилди:
“Пахтакор” футбол клубининг раҳбарияти ҳақиқатдан ҳам менинг аккредитациямни бекор қилиш ва мени “Пахтакор” стадионининг матбуот анжуманлари хонасига киритмаслик ҳақида расмий қарор чиқарганми ёки оғзаки кўрсатма берганми?
Агар “Пахтакор” футбол клуби менинг аккредитациямни бекор қилиш ва мени “Пахтакор” стадионининг матбуот анжуманлари хонасига киритмаслик ҳақида расмий қарор чиқарган бўлса, шу қарорнинг рақами ва санаси борми? Шундай бўлса, мазкур мазмундаги қарорга ким имзо чеккан: клуб вице-президенти Самвел Бабаянми ёки бош директори Рустам Кўпайсиновми, спорт директори Григорий Цейтлинми ёки бош мураббий Равшан Ҳайдаровми?
Агар “Пахтакор” футбол клуби раҳбарияти менинг аккредитациямни бекор қилиш ва мени “Пахтакор” стадионининг матбуот анжуманлари хонасига киритмаслик ҳақида оғзаки кўрсатма берган бўлса, шудай кўрсатмани ким берган: клуб вице-президенти Самвел Бабаянми ёки бош директори Рустам Кўпайсиновми, спорт директори Григорий Цейтлинми ёки бош мураббий Равшан Ҳайдаровми?
Ёки 18 сентябрдаги воқеа “Пахтакор” футбол клуби матбуот хизматининг раҳбари Мирзаҳаким Тўхтамирзаевнинг шаҳсий “ижоди” ва “ташаббуси”ми?
Қандай қилиб “Пахтакор” футбол клуби ЎФФ ва ЎзПФЛ берган аккредитацияни бекор қилиши ва аккредитацияли журналистни матбуот анжуманларига қўймаслиги мумкин?
Бунга “Пахтакор” футбол клубининг юридик ҳаққи борми?
Агар “Пахтакор”нинг бунга ҳаққи бўлмаса ва Тошкент клуби ЎФФ ҳамда ЎзПФЛ қоидаларини бузган бўлса, “Пахтакор” футбол клубини жазолашга ушбу икки идоранинг кучлари ва иродалари етадими?
Ёки ЎФФ ва ЎзПФЛнинг кучлари ва иродалари “Пахтакор”дан бошқа клубларга етадими?
“Пахтакор” футбол клуби ЎФФни ва ЎзПФЛни, бу идоралар чиқарган хужжатлар-у аккредитацияларни писанд қилмайдими?
ЎФФ ва ЎзПФЛнинг кучлари ва иродалари жуда бўлмаса Мирзаҳаким Тўхтамирзаевни жазолашга етадими? Ёки ушбу икки идора уни ҳам жазолай олмайдими?
Очиғини айтсам, шаҳсан мен Мирзаҳаким Тўхтамирзаевнинг гапларига (“Пахтакор” футбол клуби раҳбарияти журналист Бобомурод Абдуллага “Пахтакор” марказий стадионида ўтказиладиган матбуот анжуманларига киришни таъқиқлаган ва унга ЎФФ ҳамда ЎзПФЛ томонидан берилган аккредитацияни бекор қилган”, - деганларига) ишонгим келмаяпти. Наҳотки, Самвел Бабаяндек ёки Рустам Кўпайсиновдек, Григорий Цейтлиндек ёки Равшан Ҳайдаровдек кишилар, ўзларининг ишлари бошидан ошиб ётганига қарамасдан, менинг аккредитациямни бекор қилиш, мени “Пахтакор” стадионидаги матбуот анжуманларига киритмаслик ҳақида буйруқ беришган бўлса?! Наҳотки, 18 сентябрдаги воқеанинг “ижодкорлари” ва “ташаббускорлари” “Пахтакор” футбол клубининг раҳбарлари бўлишса?! Бунга ишониш қийин! Уларнинг бу даражада паст кетишларига ишонмайман!
Лекин, агар бу ишга, яъни мени “Пахтакор” стадионидаги матбуот анжуманларига киритмаслик ташаббусига ҳақиқатдан “Пахтакор” футбол клуби рахбарлари алоқадор бўлишса, ЎФФ ва ЎзПФЛ каби идоралар “Пахтакор” клуби раҳбарларини ҳам жазолашлари керак!
Чунки ЎФФ ва ЎзПФЛ томонидан менга ва бошқа журналистларга берилган аккредитация карточкаларининг орқа томонида шундай сўзлар ёзилган: “Ушбу хужжат эгалари стадионлардаги матбуот вакиллари учун ажратилган жойларда ёки махсус секторда ишлаш имкониятига эгалар. Ушбу аккредитация футбол бўйича XIX Ўзбекистон миллий чемпионати ва Ўзбекистон кубоги баҳслари доирасида ўтадиган барча учрашувларга кириш ҳуқуқини беради”. (Исботталаб кимсалар учун мазкур хужжатнинг сканернусхасини қуйида келтиряпман)

Кўряпсизми: ЎФФ ва ЎзПФЛ берган аккредитация карточкасининг орқа томонида: “Пахтакор” клуби ўйинлари ва стадиони бу шартлардан истисно қилинган”, - деган гап ёзилмаган. Агар ЎФФ ва ЎзПФЛ “Пахтакор” футбол клуби раҳбарларини ёки клуб матбуот котиби Мирзаҳаким Тўхтамирзаевни 18 сентябрдаги қилиғи учун жазолашга ожиз бўлишса, ушбу икки идора кейинги йилда журналистларга берадиган аккредитация карточкаларининг орқасида ана шу истиснони ёзишлари шарт, деб ҳисоблайман. Масалан: “Ҳурматли журналистлар! Кечирасизар-у, аммо ЎФФ ва ЎзПФЛнинг “тишлари” мамлакатимизнинг ҳамма клубига ўтса ҳам, “Пахтакор” футбол клубига ўтмайди – ушбу клуб раҳбарияти ёки матбуот хизмати биз берган аккердитацияни ўз хоҳишларига кўра бекор қилиши мумкин”, - деган гапларни ҳам ёзиб қўйсин ЎФФ ва ЎзПФЛ. Ана шунда 2011 йилги чемпионат ва кубок ўйинларидан кейин журналистлар ва матбуот котиблари ўртасида бу йил 18 сентябрь куни “Пахтакор” стадионида содир бўлган воқеага ўхшаш ҳодисалар рўй бермайди.
Очиғини айтсам, мен Мирзаҳаким Тўхтамирзаевни танқидга бу қадар сабрсиз деб ўйламагандим. Шу кунгача мен “Чемпион” газетаси орқали ҳам, UFF.UZ сайти орқали ҳам қатор клубларимиз ва мутахассисларимизни танқид қилганман. Хусусан, “Бунёдкор” жамоасини, унинг ҳозирги бош мураббийи Миржалол Қосимовларни ҳам аёвсиз танқид қилганман. Лекин на “Бунёдкор” клуби, на Миржалол Қосимов ва на бошқалар танқидим учун менга нисбатан 18 сентябрдагидек муносабатда бўлишмаган. Аксинча, улар менинг танқидларимни сабр билан қабул қилиб, ўзларини ҳар томонлама бағри кенг клуб ва инсон қилиб кўрсатишган.
Жумладан, “Бунёдкор” футбол клуби, мен уни қанчалик танқид қилган бўлсам ҳам, шу кунгача менга яхши муносабатда бўлиб келмоқда. Миржалол ака билан ҳам муносабатларим яхши. “Бунёдкор” матбуот хизмати вакиллари, айниқса, Улуғбек ва Баҳодир Мирзаевлар ҳам мендан ҳеч қачон ўз кўмакларини аяшмаган. Улар ҳеч қачон менга: “Бобомурод ака, Сиз “Бунёдкор”ни танқид қилганингиз учун “ЖАР” стадионида ўтказиладиган матбуот анжуманларига қўйилмайсиз”, - дейишмаган. Мен буни тасаввур ҳам қила олмайман!
“Пахтакор” футбол клуби ва унинг матбуот котиби Мирзаҳаким Тўхтамирзаевлар танқидга нисбатан сабрли ҳамда бағри кенг бўлиш борасида “Бунёдкор”дан, унинг бош мураббийи Миржалол Қосимовдан, матбуот хизмати вакиллари ака-ука Мирзаевлардан ўрнак олишса, ёмон бўлмасди!
Ҳақиқатдан ҳам мен ўтган йили “Чемпион” газетасининг саҳифаларида “Кубок машмашаси” сарлавҳали мақола эълон қилиб, унда Рўзимбой Аҳмедовнинг “Хоразм”дан “Пахтакор”га трансфери ва Кубок-2009 финалида ушбу футболчи 4 та сариқ карточка билан майдонга тушганини ёзганман. Бу мақоладан кейин “Хоразм” ва “Пахтакор” клублари ўртасида кўп гаплар бўлиб ўтди.
Аммо бу йилги чемпионатнинг биринчи даврасида Урганчда бўлиб ўтган “Хоразм”-“Пахтакор” учрашувида “Хоразм” клубининг раҳбарияти Урганчга ташриф буюрган “Пахтакор” раҳбарлари, мураббийлари ва фан-клуби аъзолари учун барча шароитларни яратиб беришганди. Шаҳсан мен “Пахтакор” матбуот хизмати вакилларига ўйин пайти ўз профессионал вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилмаганман. Бизлар “Пахтакор” вакилларига қарата: “Сизларга “Хоразм” стадионига кириш таъқиқланади. Чунки ўтган йили “Пахтакор” Рўзимбой Аҳмедовни трансфер суммасининг ярим пулини тўламай қўлга киритган”, - деган аҳмоқона иддаоларни қилмаганмиз. Чунки “Пахтакор” клуби раҳбарияти трансфер бозорида “Хоразм”га нисбатан қандай адолатсизлик қилган бўлса ҳам, “Хоразм” клуби вакиллари, шу жумладан, матбуот хизмати ҳам тошкентлик меҳмонларга “Хоразм” стадионида етарли шароит яратиб беришга мажбур. Чунки ЎФФ ва ЎзПФЛнинг Регламенти шуни талаб қилади. “Пахтакор” клуби раҳбарлари ва матбуот котиби Мирзаҳаким Тўхтамирзаев бу Регламентни ҳурмат қилмаса ҳам, шаҳсан мен мазкур хужжатни ҳурмат қиламан.
Ҳа, биринчи даврада Урганчда “Пахтакор” вакилларига кўрсатган иззат-ҳурматимизга жавобан 18 сентябрь куни “халқ жамоаси” вакиллари Тошкентда “Хоразм” матбуот котибини матбуот анжуманига қўйишмади, уни маҳаллийчилик ва айирмачилик ҳиди анқиб турган уятсиз гаплари билан ҳақорат қилишди ва ўз стадионларидан ҳайдаб чиқаришди. Яхшиликка ёмонлик, ош отганга тош отиш, - деб шуни айтишса керак!
Дарвоқе, маҳаллийчилик ҳақида. Мамлакатимиз ва миллий футболимиз ҳақида қайғуриб, уларнинг равнақи йўлида тинмай меҳнат қилиб келаётган ҳурматли президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов ўзларининг “Ўзбекистон XIX-аср бўсағасида” китобларида маҳаллийчилик ҳақида тўхталиб: “Маҳаллийчилик ва қариндош-уруғчилик мамлакатимиздаги сиёсий барқарорликка раҳна солувчи омиллардир”, - деганлар. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида маҳаллийчилик қилган кишиларга жазо ҳам белгиланган.
Шунга қарамасдан, “Пахтакор” футбол клубининг матбуот анжуманларига ҳам кира оладиган айрим тарафдорлари (ёки ходимлари) ўзларини тошкентлик ва “олий ирқ” вакиллари санаб, вилоятда, Хоразмда туғилиб ўсган бир фуқарони: “Харип, қишлоқи! Тошкентга Хоразмингдан қандоқ келган бўлсанг, шундоқ обратно жўнатамиз!” - деган сўзлар билан ҳақоратлашдан қўрқишмаяпти.
Шу ўринда Тошкентнинг “Пахтакор” жамоасининг тошкентлик маҳаллийчи ва айирмачи тарафдорларига айрим нарсаларни эслатиб қўймоқчи эдим. Ҳурматли “олий ирқ” вакиллари! Сизларнинг “Пахтакор”ингизда Ўзбекистоннинг турли вилоятларида туғилиб ўсган вилоятлилар, сизларнинг таъбирингиз билан айтганда, “областнойлар” тиқилиб ётибди: Самвел Бабаян – Фарғонадан, Илҳом Суюнов - Сирдарёдан, Тимур Жўраев – Қашқадарёдан, Санъат Шихов ва Рўзимбой Аҳмедов – Хоразмдан. “Пахтакор”нинг юраги бўлиб қолган, унинг ўйинларини қилиб бераётган Одил Аҳмедов ҳам тошкентлик эмас, наманганлик. Ва ҳоказо, яъни бу рўйхатни давом эттириш мумкин.
Яна бир масала. 18 сентябрь куни “Пахтакор”-“Хоразм” учрашувидан кейин “Пахтакор” клуби матбуот котиби Мирзаҳаким Тўхтамирзаев мени, яъни “Хоразм” ФК матбуот котибини матбуот анжуманига қўймагани билан, “Пахтакор”нинг мени ҳақоратлаган тарафдорларини (ёки ходимларини) шу тадбирга қўйди. Уларда матбуот анжуманларига кириш ҳуқуқини берувчи аккредитациялар бор эдими, йўқ эдими, - менга қоронғу. Лекин ана шу маҳаллийчи ва айирмачи шаҳслар матбуот анжуманида иштирок қилиш учун “Пахтакор” стадионининг анжуманлар хонасига киришди.
“Хоразм” футбол клуби мисолидан ва ўз тажрибамдан келиб чиқиб гапирадиган бўлсам, бизда, яъни “Хоразм” футбол клубида, стадионимизда ўтказиладиган учрашувлардан кейинги матбуот анжуманларига фақат журналистлар қўйилади, “Хоразм” жамоасининг тарафдорлари, фанатлари ва ишқибозлари қўйилмайди. “Пахтакор” клубида эса тескариси экан: ўйинлардан кейинги матбуот анжуманларига журналистлар ва матбуот котиблари қўйилмаса ҳам, “Пахтакор” тарафдорлари қўйиларкан...
18 сентябрь куни мени “Пахтакор”-“Хоразм” учрашувидан кейинги матбуот анжуманига қўймаган Мирзаҳаким Тўхтамирзаевни ЎФФ ва ЎзПФЛ мутасаддилари жазосиз қолдирмайди, - деган умиддаман. Агар “Пахтакор” матбуот котибининг шу кунги “қилиқлари”га ростдан ҳам клуб раҳбарларининг расмий қарори ёки оғзаки кўрсатмалари сабабчи бўлган бўлса, ЎФФ ва ЎзПФЛ мутасаддилари бундай раҳбарларни ҳам жазолай олади, - деган ишончдаман. Мен шу талаб билан ЎзПФЛга расмий шикоят ҳам ёзишга мажбур бўлдим.
Шуни ҳам эслатиб ўтмоқчиман-ки, агар ЎФФ ва ЎзПФЛ мутасаддилари менга номаълум сабабларга кўра “Пахтакор” матбуот котиби Мирзаҳаким Тўхтамирзаевни ёки клуб раҳбарларини жазосиз қолдиришса, мен мазкур факт юзасидан Осиё футбол конфедерациясига (ОФКга) ҳам расмий равишда шикоят қилишга мажбур бўламан. Агар ОФКга шундай мурожаат ёзадиган бўлсам, унда “Пахтакор”га қўшиб, “Пахтакор”ни жазосиз қолдирган ЎФФга ва ЎзПФЛга нисбатан ҳам жазо чораларини кўришни сўрашга мажбур бўламан.
Наилож: адолатни “Пахтакор” стадионининг олдидаги чиройли бинодан топмасам, Куала-Лумпурдан излашга мажбур бўламан. ОФКнинг кучи етар “Пахтакор”га!
Бобомурод АБДУЛЛА